Тадбиркорлар тақдирланди
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг шу йил 13 август куни қабул қилинган фармони ҳамда фармойишига кўра, Тадбиркорлар куни муносабати билан давлат мукофотлари ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган тадбиркорларга мукофотларни топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими А.Бобоев заҳматли меҳнатлари эътироф этилган фаол тадбиркорларни табриклаб, Самарқандни янада ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини оширишда уларнинг катта ҳиссаси борлигини таъкидлади.
– Бугун вилоятимиз иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда тадбиркорлик субъектларининг ўрни жуда катта, – деди А.Бобоев. – Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимизнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 59,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга ўсган бўлса, бунинг салмоқли қисми фаол ва ташаббускор тадбиркорларимиз ҳиссасига тўғри келади. Айниқса, қурилиш материаллари, металлургия, электротехника ва машинасозлик тармоқлари бугун вилоят саноатининг янги ўсиш нуқталарига айланмоқда. Биргина Самарқанд шаҳридаги “Азия металл проф” корхонасида йилнинг 6 ойида қарийб 4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан икки баробар ўсишга эришилди. Шу жиҳатдан, корхона раҳбари Одил Болтаевнинг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони билан тақдирланиши бежиз эмас. Давлат мукофотларига сазовор бўлган яна тўрт нафар тадбиркоримиз ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига лойиқ кўрилган 7 нафар ишбилармонларимиз ҳам вилоятимиз фахри ҳисобланади ва уларнинг барчаларига мукофотлар муборак бўлсин!
[gallery-30938]
Маросимда А.Бобоев мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
– 2017 йилда ташкил этилган мактабимиз ёшларга хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Инновацион маскан” нодавлат таълим муассасаси директори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Муҳаммадхон Солиев. – Шу пайтгача қарийб 5000 нафар йигит-қиз муассасамизда ўқиган бўлса, уларнинг 1500 дан зиёди миллий ва халқаро тил билиш сертификатларини қўлга киритди. Улар орасида айни пайтда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва дунёнинг яна 20 га яқин мамлакатида таҳсил олаётган шогирдларимиз бор. Тадбиркорлар куни арафасида бу хизматларимиз юксак эътироф этилиб, давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан жуда хурсандман.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари