Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот
Хоразм вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан божхона соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш мақсадида сайёр учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Хоразм вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Назарбоев ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.

Учрашув давомида тадбиркорларга божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган янгиликлар, божхона тартиб-таомиллари ва товарларни расмийлаштириш жараёнларига оид маълумотлар етказилди.

Мулоқот жараёнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қийнаётган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг савол ва таклифлари тингланди. Тадбиркорларнинг божхона расмийлаштируви билан боғлиқ мурожаатлари юзасидан тегишли тушунтиришлар, уларни ҳал этиш бўйича масъул ходимларга зарур кўрсатмалар берилди.

Тадбир якунида намунали фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди.
Натижада Хоразм вилоятида фаолият юритаётган ваколатли иқтисодий операторлар сони 4 тадан 7 тага етди.

Маълумот ўрнида: ваколатли иқтисодий оператор мақоми ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, товарларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳамда халқаро савдо операцияларида қўшимча қулайликлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири