Хоразмдаги кичик саноат зоналари ҳудуд тараққиётига хизмат қилмоқда
Кичик саноат зоналари – давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига кенг жалб қилинган ва ўзини оқлаётган тизим. Бу ишбилармонлар учун аввало қатор имтиёз ва қулайликлар дегани. Иккинчи томондан ишлаб чиқариш қувватларининг бир манзилда жойлашиши уларни энергия ресурслари билан таъминлаш, оқова сув тармоқлари, йўл, транспорт-логистика инфратузилмалари билан қамраб олиш имкониятларини ҳам оширади.
Умуман олганда, 2016 йилда ҳам Ўзбекистон миқёсида “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах” каби махсус индустриал зоналарни ҳисобга олмаганда бундай мажмуалар мавжуд бўлмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 октябрда қабул қилган “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда саноат зоналарини ташкил этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни бошлаб берди. Бугунга келиб Ўзбекистондаги саноат ҳудудларининг сони 978 тага етди.
Қадимдан савдо-сотиқ, йирик ҳунармандчилик маркази бўлган Хоразмда бундан ўн йил олдин мамлакатимизнинг аксар ҳудудлари қатори саноат деярли йўқ эди. Айни даврда вилоятда 13 та ҳудудда 151,7 гектар ер майдонида кичик саноат зоналари жойлашган. Уларда шу кунгача 400 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. Энг муҳими ушбу зоналарда 3 минг 500 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланган.
Хоразм вилоятида 2018 йилдан бошлаб кичик саноат зоналари ташкил этила бошланди. Ўша пайтда бундай ишлаб чиқариш майдонлари жами 6 та бўлган бўлса, ҳозирда улар сони 31 тага етган. Ишга тушган лойиҳалар доирасида 530,7 миллиард сўм сармоя киритилиб, миқдор 6 баробарга ошган.
– 2018 йилдан олдин Хоразм вилояти аграр соҳага ихтисослашган ҳудудлар сирасига кирар эди, – дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналари дирекцияси шуъба мудири Улуғбек Матёқубов. – Ўша йилда давлатимиз раҳбари томонидан Хоразм учун чиқарган махсус қарорларига асосан вилоятнинг тўртта ҳудудида кичик саноат зоналари ташкил қилинди. Ана шу тўртта зонанинг умумий майдони эса атиги 18 гектар бўлиб, 100 нафар ишчи ўрни билан ташкил этилган. Бу зоналардаги корхоналар самара бергач, 2021-2024 йилларга мўлжалланган Президентимизнинг тегишли қарорлари вилоятга татбиқ этилди. Бунинг натижасида Хоразм ҳудудида 31 та кичик саноат зоналари вужудга келди. Ушбу саноат зоналари инфратузилма билан таъминланганлиги, давлатимиз томонидан берилган имтиёз ва имкониятлар натижасида бу ҳудудларга тадбиркор ва инвесторларнинг ўзлари келиб жойлаша бошлади. Мисол қилиб Хонқа туманидаги мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зонасини келтириш мумкин. Ушбу зонада мукаммал инфратузилма яратилганлиги натижасида вилоятнинг турли ҳудудларида уй шароитида, абгор ҳолатда мебель ясаётган уста-дурадгорлар шу ерда ўз корхонасини ташкил этиб, бугунги кунда замонавий мебелларни ишлаб чиқаришмоқда.
Дарҳақиқат, бугун вилоятда кичик саноат зоналарини ривожлантириш орқали маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳияти ошмоқда.
Амалга оширилган лойиҳалар доирасида 2026 йилнинг 9 ойи давомида 222,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 4,2 миллион долларлик товар экспортга йўналтирилган. Булар асосан текстиль ва қоғоз маҳсулотлари. Экспорт ҳажми эса 2025 йилга нисбатан деярли икки баробар ошган. Вилоятдаги саноат зоналари инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида жами 257,8 миллиард сўмлик маблағлар ажратилган.
– Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кичик саноат зоналарининг ҳар бири ушбу ҳудуд салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган, – дейди вилоят ҳокимлиги кичик саноат зоналари дирекцияси шуъба мудири Улуғбек Матёқубов. – Мисол учун, Ҳазораспда маиший техникалар, гул қоғозлари ишлаб чиқарилса, Хонқада мебелсозлик, Янгибозорда тикувчилик каби йўналишдаги корхоналар фаолияти яхши йўлга қўйилган.
Янгибозор туманидаги кичик саноат зонасида жойлашган тикувчилик корхонасида асосан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мавжуд хомашё ресурсларидан самарали фойдаланилиб, аҳоли бандлиги ҳам таъминланяпти.
– Кичик саноат зонасининг ярим гектар майдонида жойлашган корхонамизда асосан яқин атрофдаги маҳаллаларда истиқомат қиладиган хотин-қизлар ишлайди, – дейди тадбиркор Бунёд Аллаберганов. – Ҳозирда биринчи босқичда юзта иш ўрни яратганмиз. Келгуси йилда иккинчи босқичда яна юзта, жами икки юзта ишчи билан фаолиятимизни давом эттирамиз. Ҳозирда маҳсулотларимиз асосан Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Кичик саноат зонасида энг катта имтиёз бу инфратузилманинг давлат томонидан яратиб берилганлигидир. Чунки, йўлларимизни асфалтлаш, газ, электр, сув ва канализация тармоқларининг барчаси давлат ҳисобидан амалга оширилди. Ҳатто, корхонамизнинг ўзига алоҳида электр трансформаторигача ўрнатиб берилди.
Урганч шаҳридаги кичик саноат зонасининг ўзида 30 га яқин лойиҳа амалга оширилган бўлиб, асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Жумладан, гўшт маҳсулотларидан 32 хил тури тайёрланаётган "Khorezm Myma Global" масъулияти чекланган жамиятида 20 нафардан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб, корхона раҳбарининг таъкидлашича, махсус зонага фаолият бошлаганидан кейин ишлар анча олдинга силжиган.
– Ушбу кичик саноат зонасидан бино олганимиздан сўнг аввалига 1 миллион доллар миқдорида инвестиция киритдик, – деди тадбиркор Ўткир Матёқубов. – Электр, газ, сув ва бошқа инфратузилмалардан умуман муаммо бўлмади. Бу шароитда ишлашдан барча тадбиркорлар мамнун. Чунки, барча инфратузилмадаги муаммолар билан ҳудуд маъмурияти шуғулланади. Биз эътиборимизни фақат ишлаб чиқариш ва фаолиятимизни кенгайтиришга қаратамиз. “Saxiy” бренди остидаги гўшт ва колбаса маҳсулотларимизни ички ва ташқи бозорларга ўз вақтида етказиб бермоқдамиз.
[gallery-32717]
Мухтасар қилиб айтганда, бугунги рақобат шароитида саноат зоналарининг самарадорлиги фақат ташкил этилган корхоналар сони билан эмас, балки уларнинг барқарор фаолияти, ишлаб чиқариш ҳажми ва бозор талабига мос маҳсулотлари, яратилган иш ўринлари билан белгиланади. Хуллас, Хоразмдаги кичик саноат зоналаридаги ишлар ҳудуд тараққиётига хизмат қилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари