Маълумки, Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг ишончли вакили бўлиб, у 7 йиллик фаолияти давомида тадбиркорларнинг 39 мингдан ортиқ мурожаатларини кўриб чиқди. Бу даврда тадбиркорлар фойдасига 250 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилишига эришилди.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи тадбиркор нотурар мулки учун асоссиз ҳисобланган солиқ қарздорлигини бартараф этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Аниқланишича, тадбиркорга нисбатан солиқ ҳисобланиши юзасидан низо Олий судда кўриб чиқилган ва суд қарори билан жами 9 миллион сўм солиқ ва 1 миллион сўм пеня ундирилиши белгиланиб, 90 миллион сўмлик қисми қаноатлантиришдан рад этилган.
Бироқ, ушбу нотурар мулкни бошқа тадбиркор номига қайта расмийлаштириш жараёнида нотўғри ҳисобланган солиқ суммаси камайтирилмасдан, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича пеня ҳисобланиб, солиқ тўловларидан жами 125 миллион сўм қарздорлик юзага келгани аниқланган.
Мазкур масала вакил девони ходимларининг ёрдамида ҳал қилиниб, асоссиз ҳисобланган қарздорлик ва пенянинг бекор қилиниши таъминланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА