Тадбиркорнинг солиқ қарздорлиги бекор қилинди
Маълумки, Бизнес-омбудсман томонидан ҳудудларда тез-тез шоличилик, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик ва чорвачилик йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилади. Уларда фермерларни қийнаётган асосий масалалар: ноқонуний қарорлар, асоссиз солиқ ҳисоблаш, субсидия ажратиш, шартномавий муносабатлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилмоқда.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга Андижон туманлараро маъмурий судида “О.М.П.” МЧЖнинг солиқ идораси қарорини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича киритган аризаси кўриб чиқилди.
Аниқланишича, Андижон вилояти солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижасида тадбиркорга нисбатан қарор қабул қилинган ва катта миқдорда солиқ қарздорлиги ҳисобланган. Тадбиркор ушбу қарордан норози бўлиб судга мурожаат қилган.
Суд муҳокамаси давомида Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан текширув жараёнида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилганлиги ҳамда текширув ўтказиш тартибига риоя этилмаганлиги таъкидланди.
Шунингдек, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 67-моддасига мувофиқ, қабул қилинган қарор қонунийлигини исботлаш мажбурияти маъмурий орган зиммасига юклатилган бўлса-да, солиқ органи томонидан етарли далиллар тақдим этилмади.
Суд Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан келтирилган ушбу ҳуқуқий асосларни инобатга олиб, жамият аризасини қаноатлантирди ва вилоят солиқ бошқармасининг тегишли қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Натижада тадбиркорнинг 486,8 миллион сўмлик солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиб, унинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА