Табиат ва инсон уйғунлиги: Янги Ўзбекистоннинг экологик хавфсизлик архитектураси
Инсоният цивилизацияси ўзининг энг юксак технологик чўққисига кўтарилган XXI асрда кутилмаган парадокс билан юзма-юз келди, биз табиатни ўзимизга бўйсундиришга уринганимиз сари у ўзининг бузилган қонуниятлари орқали башариятга жиддий синовлар юбормоқда.
Бугун дунёнинг қайси бурчагига назар ташламанг, иқлим ўзгаришининг аччиқ нафаси сезилади. Аномал иссиқлик тўлқинлари, асрий музликларнинг чекиниши, ичимлик суви манбаларининг қисқариши ва унумдор тупроқларнинг таназзулга учраши эндиликда фақат эколог олимларнинг маърузаларида эмас, балки миллионлаб инсонларнинг кундалик ҳаёт тарзида ўз аксини топмоқда. Табиийки, бундай глобал таҳдидлар занжиридан ҳеч бир давлат четда қола олмайди.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида илгари сурилган стратегик ташаббуслар нафақат миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, балки ягона тақдир ва географик макон бирлаштириб турган бутун Марказий Осиёни экологик бўҳронлардан асрашга қаратилган тарихий даъват бўлди.

Агар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг фалсафасига чуқурроқ назар ташласак, унда иқтисодий ўсиш билан экологик барқарорликни бир тарози палласида тенг ушлашга бўлган қатъий иродани кўрамиз. “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларида ҳам инсоннинг соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи муқаддас қадрият сифатида эътироф этилган. Зеро, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда қурилаётган тараққиёт модели табиий захираларни аёвсиз истифода этишга эмас, балки уларни илм-фан ва “яшил” технологиялар ёрдамида келажак авлодлар учун асраб-авайлашга асослангандир. Иқтисодиётни декарбонизация қилиш, яъни саноат ва энергетика тармоқларида углерод изини камайтириш борасида эришаётган амалий ютуқларимиз сўзимиз билан ишимиз бир эканини бутун дунёга намойиш этмоқда.
Бу борадаги аниқ кўрсаткичларга эътибор қаратайлик, давлатимиз ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари ажратмаларини 35 фоизга қисқартириш бўйича олган глобал мажбуриятини муддатидан аввал бажариб, халқаро ҳамжамият олдида ишончли ҳамкор эканини исботлади. Бироқ замон шиддати бу билан чекланиб қолмасликни талаб этмоқда. Эндиги марра янада юксак, 2035 йилга бориб атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндилар миқдорини тенг ярмига, яъни 50 фоизга камайтириш мақсад қилинган. Бундай улкан вазифани уддалашнинг ягона оқилона йўли – бу, шубҳасиз, муқобил энергетика манбаларига кенг йўл очишдир. Айни шу сабабли яқин тўрт йил ичида юртимизда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 54 фоизини айнан қуёш, шамол ва сув кучидан олиш бўйича инвестициявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Сир эмаски, Марказий Осиё минтақасининг географик жойлашуви ва иқлимий хусусиятлари бизни глобал исиш оқибатлари олдида ниҳоятда заиф ва таъсирчан ҳолатга солиб қўйган. Минтақамизнинг “сув миноралари” ҳисобланган тоғ музликларининг эриши ва сув танқислиги хавфининг йил сайин ортиб бораётгани обиҳаётнинг ҳар бир томчисига стратегик ресурс сифатида қарашни тақозо этмоқда. Ўзбекистон бу ҳаётий масалада шунчаки кузатувчи эмас, балки фаол ислоҳотчи ва ташаббускор давлат сифатида майдонга чиқди.
Ўтган ўн йилликда сув хўжалиги тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштириш ҳисобига иқтисодиётимизда сув сарфини деярли икки баробар қисқартиришга, табиий дарё ва ҳавзалардан олинаётган сув миқдорини эса 20 фоизга камайтиришга эришилди. Айниқса, қишлоқ хўжалигида анъанавий ва исрофгар суғориш усулларидан воз кечилиб, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш каби илғор агротехнологияларнинг жорий этилиши натижасида бугунги кунда мамлакатимиздаги экин майдонларининг 60 фоизи тежамкор тизимлар орқали обиҳаёт билан таъминланмоқда.
Иқлим барқарорлиги ҳақида гап кетганда, бир вақтлар умумсайёравий фалокат рамзига айланган Орол денгизи тақдири кўз ўнгимизда гавдаланади. Бугун Ўзбекистон Оролнинг қуриган тубида миллионлаб гектар яшил ўрмонзорлар барпо этиш орқали табиат ярасини даволаш мумкинлигини амалда кўрсатмоқда. Айни пайтда мамлакатимиздаги ўрмон фонди ерлари 6 миллион гектарга етказилган бўлса, ана шу яшил қалқоннинг нақ учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келиши чинакам фидойилик ва экологик ватанпарварлик намунасидир. Келгуси йилда Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши эса минтақадаги трансчегаравий сув ресурсларини ўзаро ҳурмат ва адолат тамойиллари асосида бошқаришда янги саҳифа очиши шубҳасиз. Шу билан бирга, мамлакатимизда 3 миллиард доллардан ортиқ сармоя ҳисобига “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси”нинг ҳаётга татбиқ этилиши экологик мусаффоликни таъминлашда улкан қадам бўлди. Хусусан, аҳоли зич жойлашган ва саноат салоҳияти юқори бўлган Тошкент шаҳри каби йирик мегаполисларимизда чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва улардан муқобил энергия олиш тизимининг йўлга қўйилиши шаҳарсозлик экологиясини бутунлай янги босқичга олиб чиқади.
Албатта, ҳар қандай ислоҳот ва технологиянинг муваффақияти инсон омилига, жамиятнинг маънавий ва интеллектуал етуклигига бориб тақалади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ёш авлоднинг экологик тарбияси масаласига алоҳида урғу бергани замирида жуда катта ҳикмат бор. Демографик нуқтаи назардан юртимизнинг ҳар бешинчи фуқароси мактаб ўқувчиси ёки талаба эканини ҳисобга олсак, биз бугун уларнинг онгига табиатга меҳр уруғини қадасак, эртага бутун жамиятнинг экологик маданияти юксалади. Айни пайтда оила, маҳалла ва таълим даргоҳлари ўртасида йўлга қўйилган узвий ҳамкорлик туфайли 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг 75 фоизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни асраш бўйича чуқур билим ҳамда амалий кўникмага эга бўлиши мақсад қилинган.
Экологик муаммолар паспорти ёки чегараси бўлмаган глобал ҳодисадир. Унга қарши курашда тарқоқлик эмас, балки минтақавий жипслик сув ва ҳаводек зарур. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Марказий Осиёнинг Иқлим интеграцияси моделини яратиш ташаббуси минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқади. Мазкур ташаббус учта фундаментал йўналишни ўз ичига олади: биринчиси Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида табиий офатлар ва иқлим ўзгаришларидан эрта огоҳлантириш тизимини шакллантириш, иккинчиси тупроқ эрозияси ва деградациясига қарши курашиш ҳамда “Eco Expo” халқаро кўргазмасини минтақанинг доимий экологик инвестициялар майдонига айлантириш, учинчиси эса сув танқислиги ва чўлланишга қарши курашиш учун имтиёзли грантлар ҳамда замонавий “мовий” ва “арид” молиялаштириш механизмларини жорий этишдир.
Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, халқаро минбардан янграган ушбу ташаббуслар миллий тараққиёт дастурларимиз билан чамбарчас боғланган. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида экологик хавфсизликни таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш ва сув ресурслари тақчиллигининг олдини олиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳужжатда саноат корхоналарида экологик тоза технологияларни жорий этиш орқали атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддаларни кескин камайтириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи тизимларни кенгайтириш орқали келажак авлодлар учун сув захираларини кафолатлаш, шунингдек, урбанизация жараёнлари шиддатли кечаётган шаҳарларимизда экологик мувозанатни сақлаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш вазифалари аниқ белгиланган.
Бугунги глобал иқлим ўзгаришлари даврида табиатни асраш – шунчаки хайрия ёки мавсумий тадбир эмас, балки миллатнинг яшаб қолиши ва барқарор ривожланиши масаласидир. Президентимизнинг COP31 саммитида илгари сурган кенг қамровли ташаббуслари Марказий Осиё минтақасида экологик бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга, мамлакатимиздаги “яшил” ислоҳотларнинг эса янада жадал суръат олишига хизмат қилади. Биз, сиёсий партия фаоллари, депутатлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ушбу тарихий мақсадлар йўлида бирлашиб, жамиятда экологик қонунчилик устуворлигини таъминлаш ва ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик туйғусини шакллантиришда бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Зеро, фарзандларимизга яшил ва обод Ватанни мерос қолдириш – бизнинг энг улуғ инсоний ва фуқаролик бурчимиздир.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА