Иқлим ўзгариши шароитида тараққиёт ва масъулият уйғунлиги
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда иқтисодиётни "яшил" тараққиёт тамойиллари асосида ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ глобал исиш, сув тақчиллиги, чўлланиш, биологик хилма-хилликнинг қисқариши ва атроф-муҳит ифлосланиши энди фақат экологик муаммо эмас. Улар иқтисодий тараққиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ҳамда давлатлар барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатаётган жиддий омиллардир.
Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессиясида илгари сурган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотлар ва уларнинг натижалари билан бирга, бутун Марказий Осиё минтақаси учун умумий бўлган иқлим муаммоларини ҳамжиҳатликда ҳал этишнинг аниқ йўналишларини белгилаб берди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашишни фақат табиатни муҳофаза қилишга қаратилган алоҳида вазифа эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегияси билан чамбарчас боғлиқ жараён сифатида кўрмоқда. Чунки иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик бир-бирига зид тушунчалар эмас, аксинча, уларнинг уйғунлиги замонавий ривожланишнинг муҳим шартидир.
Шу нуқтаи назардан, парламент зиммасига ҳам долзарб вазифалар юкланади. Хусусан, “яшил” иқтисодиётни рағбатлантириш, экологик стандартларни такомиллаштириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳадаги инвестициявий муҳитни яхшилашга қаратилган ҳуқуқий механизмларни янада ривожлантириш устувор аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, Марказий Осиё учун иқлим ўзгаришининг энг жиддий оқибатларидан бири сув ресурслари билан боғлиқ. Музликларнинг эриши, дарёлар оқимининг ўзгариши, қурғоқчилик ва обиҳаётга бўлган талабнинг ортиши минтақадаги барча давлатлар олдига янги чақириқларни қўймоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётда муҳим ўрин тутадиган Ўзбекистон учун сувдан оқилона фойдаланиш стратегик масаладир. Зеро, мавжуд ресурсларни асраш нафақат бугунги ишлаб чиқариш ҳажми, балки эртанги озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги ва ҳудудлар равнақи билан ҳам бевосита боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари нутқида келтирилган рақамлар бу борада амалга оширилаётган ишлар кўламини яққол намоён этади. Жумладан, сўнгги ўн йилда иқтисодиёт тармоқларида сув сарфи деярли икки баробарга, табиий манбалардан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга қисқарди. Суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Албатта, эришилган натижалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, замонавий ҳисобга олиш тизимларини кенгайтириш, канал ва ирригация тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида тежамкор технологияларни оммалаштириш олдимизда турган долзарб вазифалардир.
Бу жараёнда қонунчиликнинг ўрни ҳам беқиёс. Сув ресурсларидан фойдаланишда тежамкорлик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш учун иқтисодий рағбатлар яратиш, сув ҳисобини рақамлаштириш ва назорат механизмларини такомиллаштириш зарур. Зеро, сувни асраш нафақат қишлоқ хўжалиги ходимининг, балки бутун жамиятнинг умумий бурчидир.
Президентимиз нутқида ёш авлоднинг экологик таълими ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Зеро, табиатни асраш, сувни тежаш, дарахтларни парваришлаш ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби қадриятлар инсон онгида болаликдан шаклланиши керак.
Халқимизда “Дарахтдан мева оламан десанг, уни ниҳол пайтидан бошлаб парвариш қил”, деган ҳикмат бор. Бу нақл экологик таълим-тарбиянинг моҳиятини ҳам тўла ифода этади. Бугун фарзандларимизда табиатга меҳр, экологик масъулият ва табиий ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш кўникмаларини шакллантирсак, эртага бу тамойиллар жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланади.
Шу боис экологик таълимни назарий билимлар билан чеклаб қўймаслик лозим. Мактабларда кўчат экиш ва парваришлаш, чиқиндиларни саралаш, сув ва электр энергиясини тежаш, маҳаллий экологик муаммоларни ўрганишга қаратилган амалий машғулотларни кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш эса уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширади.
Хулоса қилиб айтганда, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ресурсларини асраш ва экологик маданиятни юксалтириш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиши билан бирга, келажак авлодлар олдидаги улкан бурчимиз ҳамдир. Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар миллий ислоҳотларни минтақавий ҳамкорлик билан уйғунлаштириб, Марказий Осиёда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ҳар бир фуқаронинг табиатга масъулиятли муносабати, қонунчилик талабларига риоя этиши ва амалий иштироки билан белгиланади. Зеро, табиатни асраш нафақат бугунги тараққиёт, балки эртанги фаровон ҳаётнинг ҳам муҳим кафолатидир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА