Табиат ва анъаналар уйғунлиги олимлар муҳокамасида
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Ипак йўли маданияти ва экологияси: табиат ва анъаналар ўзаро боғлиқлигини ўрганиш” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бошланди.
Анжуман Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси туризм қўмитаси, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференция аввалида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Маъсуд Самибоев, Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов ва бошқалар мазкур халқаро анжуманнинг мақсади, ундан кутилаётган натижалар, кўтарилаётган масалалар бугунги кунда атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Асосий мақсад илмий ҳамжамиятни бирлаштириш, ҳудудларнинг маданий мероси, экологик муҳит ва анъанавий турмуш тарзи ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ўрганиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги долзарб муаммолар ва истиқболларни муҳокама қилишдан иборат, – дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Муҳсин Холмуҳамедов. – Бу орқали Ипак йўли ҳудудларининг экологик барқарорлигини таъминлаш, маданий анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда уларни замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Мавжуд муаммолар, камчиликларнинг ечими юзасидан илмий асослар яратилиб, анъаналар бардавомлиги таъминланади.
[gallery-29398]
Анжуман “Ипак йўли маданий мероси ва экологик тафаккур интеграцияси”, “Барқарор ривожланиш, экотуризм ва маданий туризм уйғунлиги”, “Экологик таълим, инновациялар ва замонавий технологиялар” ҳамда “Маданий дипломатия ва экологик ҳамкорлик: Ипак йўли тажрибаси” мавзуидаги сессияларда ўз ишини давом эттирди. Ҳар бир йўналишда илмий-амалий маърузалар тингланиб, ўзаро тажриба алмашинувлари амалга оширилмоқда. Қизғин муҳокамалар давомида иштирокчилар музейшунослик соҳасини ривожлантириш, музейларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни кенг оммага етказиш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
– Ипак йўли маданияти ва экологияси бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири, – дейди Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи катта илмий ходими Гулмира Серекеева. – Ипак йўлида жойлашган халқлар маданиятини асраш, уларни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш масаласи бугунги глобаллашув жараёнида жуда муҳим масалага айланиб бормоқда. Шунингдек, ушбу йўналишнинг экологик ҳолати кўпчиликни ўйга солаётган муаммолардан. Шу боис анжуманда Ипак йўли атрофида жойлашган халқларнинг маданияти, анъаналари ва экологиясига бағишланган тасвирий ва амалий санъат асарларининг музейлар орқали тарғиб қилинишига қаратилган маърузам билан қатнашяпман.
Анжуман доирасида “Миллий қадриятлар – Ипак йўли карвонида” номли тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),ЎзА мухбирлари