Қадимий топилмалардан замонавий ипак йўлларигача
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 апрель куни қабул қилинган қарорига кўра, Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” музейи ташкил этилади. Музейни шаҳарнинг тарихий қисми Кўксарой майдони ҳудудида барпо этиш режалаштирилган ва айни пайтда лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда.
Ўз навбатида соҳа масъуллари ва мутахассислар томонидан музей экспозициясини яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.
– Қарор билан “Ипак йўли” давлат музейини ташкил этиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган, – дейди “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Сафура Рўзимуродова. – Дастурда 2026-2028 йилларда қурилиш, малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда, музейнинг илмий концепцияси ва тематик-экспозицион режасини ишлаб чиқиш белгиланган. Биз бу борада изланишлар олиб бориб, янги музей экспозициянинг илмий концепцияси дастлабки лойиҳасини тайёрлаб, тегишли идораларга тақдим этдик. Концепция лойиҳасида “Ипак йўли” давлат музейи экспозициясининг мақсади, вазифалари, бўлимлари ҳамда ғоявий асослари белгиланди. Экспозицияда Буюк ипак йўли тарихини ўрганиш борасида амалга оширилган археологик ва илмий тадқиқотлар, Ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳарлар ҳақидаги ашёлар ва маълумотларни намойиш этиш режалаштирилмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз яхлит экспозиция мажмуасини яратишдан иборат бўлиб, турли типдаги ашёларни ягона мақсадга бирлаштирувчи ғоявий-тематик ва бадиий-меъморий ечимлар ҳосил қилишдан иборат. Экспозицияда қисман тарихий хронологик тартиб, воқеа ва ҳаракатларнинг ҳужжат ҳамда далилларга асослаб ёритиб бериш кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, экспозиция 14 бўлимдан иборат бўлади ва “Топилмалар замини”дан бошланиб, “Замонавий ипак йўллари”гача давом этади. Бу бўлимларда юртимиз ҳудудида олиб борилган археологик тадқиқотлар давомида топилган қадимий ашёлар, нодир манбалар намойиш этилади. Йўлларнинг пайдо бўлишига оид маълумотлар, Буюк ипак йўлининг инсоният ҳаётидаги аҳамияти, турли давлатлар, салтанатларнинг юзага келиши ва уларнинг тақдири, ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати, Самарқанднинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ёритилади. Бунда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланилади, анимацион ва илмий ҳужжатли фильмлар яратилади.
Музей фондини шакллантириш мақсадида “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси фондидаги ҳамда республикамизнинг бошқа музейларидаги ноёб, энг сара музей ашёлари ўрганилиб, янги музей экспозицияси учун сараланмоқда. Дастлабки режаларга кўра, янги музей экспозицияси археология, тасвирий санъат, амалий санъат материалларини қамраб олган 6 мингдан зиёд ноёб экспонатларни бирлаштиради. Илмий концепция лойиҳаси тасдиқланганидан сўнг бу борадаги ишлар аниқ режа асосида амалга оширилади ва экспонатлар сони яна ҳам ошиши мумкин.
Айтиш мумкинки, Самарқандда “Ипак йўли” музейининг ташкил этилиши, бу қадимий кентнинг жаҳон цивилизацияси ва Ипак йўли тарихидаги беқиёс ўрнини эътироф этган ҳолда унинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш ва дунёга тарғиб этишга, шунингдек, шаҳарнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш ва туристик салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири