Тўққиз ойда хотин-қизлар томонидан содир этилган умумий жиноятлар 33,8 фоизга камайди
Сир эмаски, аёллар баъзан турли тазйиққа, қўпол муносабат, ҳақорат, камситилиш, ҳатто жисмоний зўравонликка дуч келиши мумкин.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Давлат бошқарувида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида зўравонлик ва унинг турлари, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, бу борада аёллар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда инспекторлар учун семинар-тренинг ўтказилди.
Сир эмаски, аёллар баъзан турли тазйиққа, қўпол муносабат, ҳақорат, камситилиш, ҳатто жисмоний зўравонликка дуч келиши мумкин. Бундай ҳолатларга барҳам бериш, мушкул аҳволга тушган хотин-қизларга ёрдам қўлини чўзиш, уларнинг қалб жароҳатларига малҳам бўлиш учун жойларда реабилитация ва мослаштириш марказлари ташкил этилган. Ҳозирда 194 шундай марказ ишлаб турибди. Ушбу марказларда зўравонликка учраган, оғир вазиятга тушиб қолган, инқироз ҳолатидаги хотин-қизларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида "1146" ишонч рақами ишга туширилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, хотин-қизлар билан боғлиқ турли салбий оқибатларнинг олдини олишга эътибор тобора кучаймоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан, оилавий муаммоларга, турмушида зўравонликка дуч келган аёлларни аниқлаш, улар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди.
Президентимиз жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятни хотин-қизлар билан ишлаш бўйича барча масалаларда намунали ҳудудга айлантириш вазифасини қўйган эди. Шундан сўнг вилоятдаги барча хотин-қизларнинг турмуш шароити ўрганилиб, моддий, маънавий, тиббий, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар аниқланди, уларга тизимли ёрдам кўрсатиш ишлари бошланди.
Бу борада республика, вилоят ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича 360 инспектор штати жорий этилди. Улар зиммасига Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилот ва идоралар билан биргаликда аёлларнинг ҳуқуқи, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир хотин-қизга ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифалари юклатилди.
Айни пайтда ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда уйма-уй юриб, аҳолининг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш асносида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ўз қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Ҳамкорликдаги тадбирлар давомида 4615 хотин-қизга ишга жойлашишда кўмаклашилди, 4420 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, 1457 нафарининг даволашга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий диспансерларга юборилди, 1457 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатни қайта тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди, 2723 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилди, 1046 нафари таълим муассасаларига қайтарилди. Шунингдек, 208 нафарининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари”га юборилиши таъминланди.
Биргаликда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида хотин-қизлар томонидан содир этилган умумий жиноятлар 33,8 фоизга (4361 тадан 2886 тага), жиноятда иштирок этган хотин-қизлар сони 33,3 фоизга (4882 нафардан 3254 нафарга) камайишига эришилди.
Шу билан бирга ички ишлар органлари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш борасида мутасадди ташкилот ва идоралар, айниқса, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда мақсадли тадбирлар белгиланди. Бунинг натижасида жорий йилнинг 9 ойида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,9 фоизга (9925 тадан 6163 тага), жиноятда иштирок этган ёшлар сони 23,4 фоизга (12079 нафардан 9248 нафарга) камайишига эришилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.