Уч ёшга тўлмаган фарзанди бор ота-оналар учун қандай имтиёзлар бор?
Ҳуқуқий муносабатФарзанд тарбияси ва касбий фаолиятни бир вақтда олиб бориш ҳар бир ота-онадан катта куч ва масъулият талаб этади. Айниқса, гўдакнинг ҳаётидаги энг муҳим ва нозик давр — унинг уч ёшгача бўлган палласида ота-она меҳри ва парваришига бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Шу боис мамлакатимиз меҳнат қонунчилигида оилавий вазифаларни бажариш билан банд бўлган ходимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 397-моддасида уч ёшга тўлмаган боласи бор ота-оналар учун муҳим ижтимоий кафолат — қисқартирилган иш вақти белгиланган.
Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича ҳуқуқий тушунча берди:
–Меҳнат кодексининг 397-моддасига кўра, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда меҳнат қилаётган уч ёшга тўлмаган фарзанди бор ота-онадан бирига (ёки васийсига) ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти ўрнатилади. Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, иш соатлари камайтирилганига қарамай, ходимнинг ойлик маоши тўлиқ миқдорда сақланиб қолади.
Бироқ, амалиётда кўплаб ходимлар ва ҳатто айрим иш берувчилар ҳам ушбу ҳуқуқдан қай тартибда фойдаланиш, қандай ҳужжатлар тақдим этиш ва иш жадвалини қандай шакллантириш борасида етарли маълумотга эга эмас.
Бунда ходимга тўлиқ иш кунида ишлайдиган ходимлар билан бир хил миқдорда иш ҳақи тўланади. Бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилотларда ишлайдиган ходимлар учун ҳам бундай имтиёз жамоа шартномаси ёки иш берувчининг ички ҳужжатларида келишилган ҳолда белгиланиши мумкин.
Иш вақти қисқартирилганига (одатдаги 40 соат ўрнига 35 соат) қарамай, ходимга меҳнат ҳақи ҳар кунги тўлиқ иш давомийлигида ишлайдиган ходимлар учун белгиланган миқдорда 100 фоиз тўлиқ ставкада тўланади.
Ушбу имтиёздан ота ёки онадан фақат биттаси (ёки васийси) фойдаланиши мумкин. Агар эр-хотиннинг иккаласи ҳам бюджет ташкилотида ишласа, иккинчиси бу имтиёздан фойдаланмаётгани ҳақида иш жойидан маълумотнома тақдим этилиши талаб қилиниши мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА