Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Шотландия. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов “Baillie Gifford” инвестиция компанияси бош ижрочи директори Тим Кэмпбелл билан учрашди. Мулоқот давомида Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнида компания иштирокини таъминлаш, сармоя жалб қилиш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро капитал бозорига чиқиш истиқболи муҳокама қилинди. Шунингдек, “UzNIF”нинг Лондон фонд биржасидаги илк акция оммавий таклифи (IPO) натижаси юқори баҳоланиб, ушбу хорижий жамоа республикамиздаги умидли инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Германия. Элчи Дилшод Аҳатов “Henkel” халқаро компанияси вице-президенти Т.Арнольд де Алмейда билан учрашди. Мулоқот давомида компаниянинг юртимиздаги фаолияти кўламини кенгайтириш, мамлакатимизда маиший кимё ва истеъмол маҳсулоти яратишни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Ўмон. Икки давлат ўртасида “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги келишув имзоланди. Битимга мувофиқ, Фарғона вилоятида қуввати 500 МВт қуёш фото электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун 350 миллион доллар хорижий сармоя жалб этилади. Мажмуа ишга тушгач, йилига 1 миллиард кВт/соат электр токи ишлаб чиқарилиб, 250 миллион куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, Ўмоннинг “Voltamp Energy” компанияси билан ҳамкорликда трансформатор учун махсус ўтказгич тайёрлаш ҳамда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида юқори кучланишли трансформатор заводи қуришга келишилди.

Польша. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигидаги делегация Польша энергетика вазири Милош Мотика билан учрашди. Мулоқот давомида энергетика хавфсизлиги, атом энергетикасини ривожлантириш, кичик модулли реактор технологияси ҳамда техник назорат соҳасида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш зарурлиги маъқулланди.

Варшава шаҳрида 19-21 ноябрь кунлари ўтаётган «ITTF Warsaw-2026» халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев ҳам иштирок этди. Кўргазма доирасида “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ва мамлакатимизнинг етакчи туроператорлари ўз стенди орқали республикамизнинг сайёҳлик ва авиация салоҳиятини намойиш этмоқда. Хусусан, 2027 йил 5 апрелдан йўлга қўйилиши режалаштирилган Тошкент – Варшава – Тошкент ҳаво қатнови тарғиб қилинмоқда.
Фардона Яхшибоева, ЎзА