Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади
Андижон вилоятида олти ойда режадаги 48 минг тонна ўрнига 41 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. 318 та маҳаллада таъминот графикдан орқада қолмоқда.
Энди тадбиркорлар ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериши мумкин бўлади. Йил бошидан хусусий сектор томонидан 157 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган.
Ижтимоий реестрга кирган оилаларга суюлтирилган газ учун субсидия берилади. Йил якунигача бу борада “Андижон тажрибаси” яратилади.
Суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунигача режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.
Ҳозир аҳолига газ стандарт ҳажмдаги 20 килограммли баллонларда етказилади. Ваҳоланки, айрим хонадонларга ойлик истеъмол учун 5-6 килограмм етарли бўлса, бошқа истеъмолчиларга 30-40 килограммли баллон зарур.
Суюлтирилган газни ташиш, сақлаш ва тарқатиш тизими бир ойда хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади.
ЎзА