Суюлтирилган газ етказиб беришда янги тизим жорий этилади
Суюлтирилган газ таъминотида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, етказиб бериш жараёнини қулай ва шаффоф қилиш мақсадида янги тизим жорий этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Янги тартиб дастлаб Андижон вилоятида синовдан ўтказилади. Хусусий операторлар жалб этилади ва истеъмолчиларга камида икки оператор хизмат кўрсатиши орқали рақобат муҳити шакллантирилади.
Аҳоли учун мобил илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилиб, буюртма бериш ҳамда ҳисоб-китоб жараёнлари рақамлаштирилади. Операторлар эса зарур лицензия ва рухсатномаларга эга, шунингдек, малакали муҳандис-техник бўлиши талаб этилади.
Ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилади. Шунингдек, газ етказиб бериш графиги аниқ белгиланиб, ҳисоб-китоб ва тақсимот жараёни рақамлаштирилади.
Бу чоралар сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш, таъминот устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Андижондаги мазкур пилот лойиҳа натижалари асосида самарали механизмлар бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Натижада газ етказиб бериш муддати қисқаради, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади ва таъминот жараёни янада шаффоф бўлади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА