Сув остида яширинган жонли мўъжиза
Ўлкашунослик музейларига боргансиз. Ҳудудингиз кечмиши билан ҳисоблашгансиз. Одатда, музей деганда кўпчилик қадимий ёдгорликлар сақланадиган, машҳур рассомлар асарлари намойиш этиладиган жойни тушунади. Сиз океан тубида жойлашган “Санъат музейи” ҳақида эшитганмисиз?
Флорида қирғоғи яқинидаги Мексика қўлтиғида “Сув ости Санъат музейи” жойлашган. Бу ерда турли шакл-шамойилдаги бетон ва металл ҳайкаллар бор. Хуллас, бу маконда океан экологияси билан уйғунлик ҳосил қилинган.

Ҳайратланарли жиҳати шундаки, экспонатлар одатий эмас, балки тарихий ашё ўлароқ, жавон ичида туриб қолмайди. Ҳайкаллар устида маржонларни, ўсаётган сув ўтини кўриш мумкин. Чор-атрофда балиқлар, турли денгиз жонзотлари яшайди. Шу тариқа санъат асарлари эврилиш жараёнини бошдан кечиради. Алал оқибат, сунъий объект табиий риф, яъни маржон қояга айланади.
Бу музейга қандай бориш мумкин? Сайёҳлар сувга шўнғиб ёки “snorkeling” усулида тирик экотизимнинг бир бўлаги бўлган санъат асарлари билан танишиш, ажойиб манзарани жонли ҳис этиш бахтига мушарраф бўлади. “Snorkeling” тушунчаси сув юзасида ниқоб ва нафас олиш найчасидан фойдаланган ҳолда сузишни англатади. Бу йўл билан Санъат музейига уюштирилажак ташриф том маънода ҳақиқий саргузаштга айланади.

Хўш, нега ғайри оддий, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган экспозиция океан тубида барпо этилган? Муддао нима? Боиси, музей санъат асарларини оммалаштириш баробарида экология барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Фауна учун сунъий бошпана вазифасини ўтайди. Табиий экотизимни тиклашга ёрдам беради.

Табиат ва санъат уйғунлигига шахсан гувоҳ бўлишни истаганлар, чинакам шинавандалар учун бу жой хотиранинг ўчмас саҳифасини яратиши шубҳасиз.
Мафтуна Боқиева, ЎзА