Оқар сув ва толалар мўъжизаси: Сиёҳоб бўйида яратилган нодир қоғоз
Швейцариялик шарқшунос Адам Мец ўз изланишларида тўққизинчи асрда Самарқанд бутун минтақа бўйича қоғоз тайёрлаш маркази бўлганини асослаб берган эди.
Қадимги шаҳар маданиятининг энг барқарор устунларидан бири ҳунармандлик тажрибасининг авлоддан-авлодга бекаму кўст ўтиб бориши билан мустаҳкамланган. Ўрта асрлар давомида бутун савдо йўллари бўйлаб довруқ қозонган Самарқанд қоғози ўзининг пишиқлиги, силлиқлиги ҳамда намликка чидамлилиги билан бошқа ҳудудлар маҳсулотидан кескин ажралиб турган. Бу варақлар ёзув сиёҳини тарқатиб юбормай, битикларни асрлар оша аниқ сақлаб қолиш хусусияти туфайли тери ҳамда дарахт пўстлоғи каби оғир ашёларни муомаладан бутунлай чиқариб ташлади. Мазкур ютуқ ортида эса маҳаллий табиат шароити, оқар сув кучи ҳамда забардаст усталарнинг пухта ҳисоб-китоби мужассам эди.
Шарқшунос олим Монаше Абрамов бу соҳани синчиклаб ўрганар экан, қоғозгарлик тармоғининг бевосита табиий сув оқимларига боғланганига алоҳида эътибор қаратади. Ўн олтинчи аср бошида Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да оламдаги энг сифатли қоғоз айнан шу шаҳарда тайёрланишини қайд этган. Бобурнинг кузатувига қараганда, қоғоз тайёрлайдиган барча сув тегирмонлари Сиёҳоб (Сиёб) ариғи бўйига қурилган бўлиб, улар маҳаллий тилда “жувози коғаз” деб аталган. Тез оқувчи Сиёҳоб суви улкан ёғоч парракларни айлантириб, оғир тўқмоқларни бир маромда ҳаракатга келтирган ва хомашёни бир текисда майин қоришмага айлантирган.
Усталар хомашё сифатида тут дарахти пўстлоғи, ипак қолдиқлари, каноп ва эски пахта матоларини синчиклаб саралаб олганлар. Ипак толалари ва каноп бўлаклари дастлаб сопол хумлардаги ўткир оҳакли сувга ботириб қўйилган. Бу босқич узлуксиз уч кеча-кундуз давом этган бўлиб, ҳар бир кун якунида хомашё тоза сувда чайилиб, қуёш нурида шамоллатилган ва янги оҳак қоришмасига туширилган. Бундай қатъий меъёр толалар таркибидаги ёғ ва бегона моддаларни эритиб юборган.
Юмшатилган толалар сув тегирмонидаги ёғоч тўқмоқлар остига тўкилган. Сув зарби билан тушаётган тўқмоқлар ипак ва канопни соатлаб эзиб, майин суюқлик ҳолатига келтирган. Сўнгра ҳовуздаги тайёр қоришма ичига майин сим тўр тортилган чаҳорчўп, яъни тўртбурчак ёғоч қолип ботирилган. Сув сим тўрдан пастга сизиб ўтгач, унинг юзида юпқа ва текис қоғоз қатлами қолган. Уста бу нам қатламни чаққонлик билан силлиқ тахта юзига кўчириб олган.
Суви сирқиган варақлар тоза ва оҳак суртилган тик деворларга ёпиштирилиб, очиқ ҳавода батамом қуритилган. Бироқ қуриган варақ ёзиш учун ҳали тўлиқ тайёр эмас эди. Унга ёзув қуроли равон юриши учун махсус қоплама бериш талаб этилган. Самарқанд усталари буғдой уни ёки шоли оҳоридан тайёрланган шаффоф ширани варақнинг ҳар икки томонига юпқа қилиб суртганлар. Сўнгги босқичда эса текис ёғоч узра қўйилган варақ силлиқ тош ёки биллур муҳра ёрдамида қўлда ишқаланиб, кўзгудек ялтироқ ҳолатга келтирилган.
Устахоналарда маҳсулотнинг уч асосий нави тайёрланган. Фақат тоза ипак толаларидан тўқилган энг қимматбаҳо нав “қоғози абришумий” ёки “қоғози ипаки” деб аталган. У ўта нафислиги, майинлиги ҳамда ёқимли қаймоқранг табиий туси билан қадрланган. Иккинчи нав “нимкатоний” номи билан юритилиб, таркибига ипак билан бир қаторда каноп қўшилган. Кундалик иш юритиш ва расмий ёзишмалар учун мўлжалланган учинчи нав эса асосан пахта латталаридан ишланган.
Ранг танлашда ҳам қатъий қоидаларга риоя қилинган. Мовий тусдаги варақлар оғир мусибат ва таъзияномалар учун танланган бўлса, қизил ва гулгун бўёқли қоғозлар қувончли хабарлар, шодиёна мактублари учун ишлатилган. Тўқ сариқ, қўнғир, кулранг ва оч яшил туслар эса китоб муқоваларини безаш ҳамда саҳифа ҳошияларини ажратиш мақсадида махсус тайёрланган.
М.Абрамов ўз таҳлилларида ўн олтинчи асрнинг биринчи ярмида Самарқандда довруқ қозонган уста Мир Иброҳим шахсига алоҳида тўхталади. Академик А.Семёнов келтирган тарихий ҳужжатларда ўша даврда уч йирик санъаткор – моҳир хаттот Мир Али, китобларга олтин билан жило берувчи Мир Саййид Али ҳамда мукаммал варақлар яратувчи Мир Иброҳим бир даврда фаолият юритгани қайд этилган. Мир Иброҳим ўз маҳсулотига шахсий сув тамғасини туширган илк усталардан бўлган. У яратган намуналар “Мир Иброҳимий” номи билан машҳур бўлиб, савдогарлар орасида энг баланд баҳода сотилган.
Мазкур варақларнинг шуҳрати узоқ ўлкаларгача етиб борган. Миср вазири Абу Жаъфар ибн Фурот ўнинчи асрда ўз девони учун фақат Самарқанддан қоғоз келтиришни қатъий талаб қилган эди. Кейинчалик вазир кутубхонаси сотилганда, Миср олимлари ёзиб бўлинган Самарқанд варақларидаги сиёҳларни қириб ташлаб, улардан қайта фойдаланишга ҳаракат қилганлари манбаларда муҳрланган. Бу тарихий далил маҳаллий маҳсулотнинг чидамлилик даражаси қанчалик юқори бўлганини яққол тасдиқлайди.
Шимолий савдо йўллари бўйлаб юборилган Самарқанд варақлари ҳам бозорларда ниҳоятда юқори қадрланган. Ўн саккизинчи аср охирида, Шоҳмурод ҳукмронлиги даврида олинган маълумотларга кўра, ўртача навдаги бир даста Самарқанд қоғози шаҳарнинг ўзида 45–50 рубль турган. Худди шундай боғлам Бухоро бозорларида 80 рублгача, Оренбург божхона масканларида эса 60–70 рублгача кўтарилган. Бу маблағ ўша замон савдо-сотиқ муомаласида салмоқли бойлик ҳисобланган.
Ўн саккизинчи асрнинг қирқинчи йилларида юз берган ички ихтилофлар оқибатида усталарнинг катта қисми Қўқонга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Натижада Қўқонда қоғозчилик кенг ёйилиб, ўн тўққизинчи асрнинг ўрталарига келиб Самарқанд устахоналари ўз ишини тўхтатди. Шу тариқа, ҳунарнинг асосий маркази Фарғона водийсига кўчди.
Асрлар давомида сайқал топган ушбу ҳунармандлик тажрибаси шунчаки оддий касб бўлиб қолмади. У маҳаллий усталарнинг табиий толалар хусусиятини чуқур англагани, тегирмонсозлик ва оқар сув кучини бўйсундириш маҳоратини юксак даражада эгаллаганининг намунасидир. Бугунги кунгача етиб келган минглаб нодир қўлёзмалар айнан шу пишиқ варақлар шарофати билан замонлар бўронидан омон ўтиб келмоқда.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади.
ЎзА