Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида тизимда мурожаатлар билан маҳаллабай ишлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, бошқармага жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 706 та, шундан 260 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхонаси орқали келиб тушган.
Мурожаатлар таҳлил этилганида, уларнинг аксарияти таълим ташкилотларига фарзандини жойлаштириш, давлат-хусусий шериклик ва хусусий мулк негизида мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари фаолиятидаги камчиликлар хусусида эканлиги ойдинлашади.
Мазкур йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш, уларга қулайликлар яратиш мақсадида вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш юзасидан шахсий, сайёр ва оммавий қабуллар ўтказиш режаси ишлаб чиқилган.
- Қабуллар белгиланган муддатларда вилоятнинг барча ҳудудларида, маҳалла фуқаролари йиғинларида ўтказилмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи Ўткир Тиллаев. - Жорий йил шу даврига қадар 174 нафар фуқаронинг мурожаатлари эшитилди. Шундан 90 та мурожаат ижобий ҳал этилди. 57 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунчалар берилган бўлса, 27 та мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди.
Шунингдек, ҳудудий мактабгача таълим бўлимлари мудирлари томонидан ҳам жойларда 304 нафар фуқаронинг мурожаатлари эшитилди.
Мурожаатларни ўрганишда камчиликларга йўл қўйган 2 нафар масъул ходимга нисбатан “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилган, 2 нафар ходимнинг меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга бошқарма мутасаддилари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА