Бўстонлиқ туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти юзасидан оммавий сайёр қабул ўтказилди. Туман Адлия бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Юлдошов ва масъул мутахассислар томонидан педагог ва ишчи ходимлар фаолиятига оид масалалар муҳокама қилди.
Шу билан бирга, ота-оналар томонидан мактабгача ва мактаб таълими тизимига оид таклиф, савол, шикоят ва бошқа мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди. Жараёнда аҳолидан жами 30 та мурожаат келиб тушди. Хусусан, болаларни боғчага қабул қилиш ва қамровини ошириш, янги ўқув йилида болаларни биринчи синфга жойлаш, ўқитувчиларга тоифалар ва сертификатлар беришда қулайликлар яратиш бўйича фикр билдирилди.


– Бу галги қабулда кўплаб фуқаролар мурожаатлари ҳал бўлганидан хурсанд бўлди, – дейди Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Дилшод Илолов. – Жойларда бу каби халқ билан мулоқот тадбирларини мунтазам ташкил этишга ҳаракат қилинмоқда. Соҳада ишлаётган педагогларга ҳам қулайлик яратиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилиш лозим. Айниқса, Бўстонлиқ тумани тоғли ҳудуд бўлгани учун олис манзиллардаги таълим муассасаларидаги шароит шаҳардагидан фарқ қилади. Шу туфайли бу масалалар доим назоратда.

Қабул давомида кўрилган мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Айрим муддат талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди.
А.Мусаев, ЎзА.