
Термиз шаҳрида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
ЎзЛИДеП томонидан анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танловда унинг туман ва Термиз шаҳар босқичларида ғолиб бўлган тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди.
– Еттинчи йил ўтказилаётган кўрик-танлов ўтган йилларда кўплаб шижоаткор, изланувчан ишбилармон аёлларни кашф этди, – дейди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши раиси Алишер Рўзиев. – Нуфузи ошиб бораётган танлов бу йил тамомила янгича форматда ташкил этилмоқда. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ ҳар бир вилоятда ғолибликни қўлга киритган тадбиркор хотин-қизлар бир йўла танловнинг мамлакат бўйича ҳам ғолиблари, деб эълон қилинади.
Кўрик-танлов ғолибларини аниқлаш ва баҳолаш учун ҳакамлар ҳайьати тадбиркор аёллар яратган иш ўринлари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари сифати, талабгорлиги ва экспортбоплигига алоҳида эътибор қаратди.
Танлов якунида Шўрчи туманидаги "Мафтуна Шўрчи дизайн" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулсара Тангирова фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Бойсун туманидаги "Бойсун Афрузбек" оилавий корхонаси раҳбари Хадича Раҳимбердиевага, учинчи ўрин шерободлик якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд-гиламдўз Шохида Ҳасановага насиб этди.
– Корхонамиз "Тўла" маҳалласида жойлашган, – дейди Шўрчи туманидаги "Мафтуна Шўрчи дизайн" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулсара Тангирова.– 200 минг долларлик замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Айни пайтда “Аёллар дафтари”да турган юздан ортиқ хотин-қиз бандлигини таъминлаганмиз. Ўқувчилар учун мактаб формалари, эркаклар ва аёллар кийимлари, кўрпа-ёстиқ ва чойшаб ишлаб чиқаряпмиз. Тайёр маҳсулотларимиз ҳозирча маҳаллий бозорда сотилмоқда. Келгусида бир қисмини хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз. “Устоз-шогирд” анъанаси бўйича “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 36 нафар аёлни ўқитиб, тикувчилик сирларини ўргатдик. Бу ишни давом эттирамиз. Партиянинг тадбиркор аёллар фаолиятига эътибор қаратиб, керак бўлса муаммоларимизнинг ечимига кўмак бераётганидан жуда мамнунмиз. Бу йил ўзгача шукуҳда ўтган "Ишбилармон аёл" кўрик-танловида ўз тақдимотим билан иштирок этиб, ғолиб бўлганим мени янада кўпроқ изланиб, маҳсулот турларини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишга ундади.
Кўрик-танлов ғолибларига махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, қўшимча йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир доирасида кўрик-танлов иштирокчилари ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА