Сурхондарёнинг ишбилармон аёллари
Термиз шаҳрида ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” лойиҳаси доирасида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Сурхондарё вилоят босқичи ўтказилди.
Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида сараланган 14 нафар тадбиркор аёл ўз фаолияти, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ва амалга ошираётган лойиҳаларини кенг намойиш этди. Иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, товар айланмаси ва экспорт салоҳияти ҳақидаги маълумотлари тақдимотини ўтказди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолиятини ўрганиб, уларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари ва натижаларини таҳлил қилди.

Тадбиркор хотин-қизларнинг ташаббускор, фидойи ва изланувчанлиги ўз ифодасини топган танлов якунида Денов туманидаги “Муҳсиновлар” оилавий корхонаси раҳбари Мадина Муҳсинова фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Бойсун туманидаги “Dream Shahrinaz” оилавий корхонаси раҳбари Нилуфар Жўраевага, учинчи ўрин Шеробод тумани вакили, якка тартибдаги тадбиркор Дилноза Абдурасуловага насиб этди.

– Оилавий корхонамиз кўп тармоқли бўлиб, асосий йўналишимиз тикувчилик, – дейди “Муҳсиновлар” оилавий корхонаси раҳбари Мадина Муҳсинова. – Шу билан бирга, қандолатчилик, асаларичилик ва консерва маҳсулотлари тайёрлаш билан ҳам шуғулланамиз. Ёшларга касб ўргатиш мақсадида ўқув маркази ташкил этганмиз. Корхонамизда 350 киши иш билан таъминланган. Маҳсулотларимизни қўшни Тожикистонга ҳам экспорт қиляпмиз. “Ишбилармон аёл” танловида меҳнатимиз ва фаолиятимизга берилган эътибордан мамнунман. Партиянинг тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ташаббусларини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратаётганидан хурсандмиз. Бу танлов тадбиркор аёлларни нафақат иқтисодий фаолликка, балки жамият ҳаётида янада фаол иштирок этишга ундайди.

Танлов ғолиблари ва совриндорлари пул мукофоти, диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири