Сурхондарёлик тадбиркорлар давлат мукофотлари билан тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Президентимизнинг тегишли фармон ва фармойишларига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ сурхондарёлик тадбиркорлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида 3 нафар тадбиркор давлат мукофотларига, яна 8 нафари “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Мукофотларни топшириш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, тадбиркорларни эришган ютуқлари билан қутлади. Воҳа иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг ташаббуси ва меҳнати муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
[gallery-30945]
Шундан сўнг “Дўстлик” ордени, “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Маросимда нуронийлар, фахрийлар, тадбиркорлар ва фаол ёшлар иштирок этди. Суҳбатлар давомида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик ташаббусларини рағбатлантириш борасида яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр алмашилди.
Давлат мукофотлари тадбиркорларнинг меҳнати ва ташаббусларига берилган юксак эътироф бўлиб, уларни янги лойиҳаларни амалга ошириш ва воҳа тараққиётига янада муносиб ҳисса қўшишга ундайди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА