Сурхондарёлик пахтакорлар зафар қучди
Сурхондарё вилояти пахтакорлари жорий йил ҳосили учун мўл ҳосил тўплаб, хом ашё топшириш шартномавий режасини бажарди.
Ҳар гектар майдондан ўртача 52,2 центнердан ҳосил йиғиб олган миришкорлар қабул пунктларига 328 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси топширди.
Вилоятда бу йил 1 минг 854 фермер ва кластер 62 минг 850 гектар майдонда ғўза парваришлаб, унинг 31 минг 335 гектарида хорижий навлар, 3 минг 140 гектарида ингичка толали, 28 минг 375 гектарида ўрта толали ғўза навлари етиштирилди.

Президентимиз ташаббуси билан аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермерларни қўллаб-қувватлаб, пахтачиликни механизациялаштиришга қаратилаётган эътибор, пахтакорларга яратилаётган имкониятлар ҳосилнинг эрта пишиб етилиши ва хомашёни қисқа кунларда териб-йиғиб олишда муҳим омил бўлди. Жумладан, кейинги икки йилда 153 та замонавий пахта териш машинаси харид қилиниб, йиғим-теримга жалб этилгани қўл меҳнатини камайтириб, ҳосилни сифатли йиғиштириб олишга хизмат қилди. Шунингдек, ҳосилдорликни оширишда илмий асосланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилгани, ғўза парваришида илғор тажрибалардан самарали фойдаланилиб, замонавий технологиялар жорий этилаётгани соҳани сердаромад тармоққа айлантирди.

Вилоятда пахта йиғим-терими давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири