"TransLogistica" ва "Securex": соҳалар келажагини қандай технологиялар белгилайди?
Транспорт-логистика тизими ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, халқаро савдо алоқаларини ривожлантириш, юк ташиш жараёнларини самарали ташкил этиш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Бу жараёнларда замонавий транспорт технологиялари, логистика инфратузилмасини ривожлантириш билан бир қаторда, объектлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳимоя ва назорат тизимларини такомиллаштириш ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Айни шу йўналишлардаги илғор ечимлар ва янги ишланмалар бугун Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуасида ўз ишини бошлаган "TransLogistica Uzbekistan-2026" 22-халқаро кўргазмаси ҳамда "Securex Uzbekistan-2026" 17-халқаро кўргазмасида намойиш этилмоқда.
"Iteca Exhibitions" халқаро кўргазмалар компанияси, "ICA Eurasia Group", Транспорт вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда 16 мамлакатдан 120 та компания ва бренд иштирок этмоқда. Улар орасида БАА, Беларусь, Буюк Британия, Германия, Грузия, Жанубий Корея, Латвия, Литва, Нидерландия, Россия, Тожикистон, Туркия, Хитой, Эстония, Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари бор.
Икки йирик кўргазманинг бир майдонда ташкил этилиши транспорт-логистика инфратузилмаси ва хавфсизлик тизимлари ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этмоқда. Зеро, халқаро савдо ҳажмининг ортиши, юк оқимларининг кенгайиши ва иқтисодий жараёнларнинг рақамлашуви шароитида самарали транспорт тизимини ривожлантириш билан бир қаторда логистика марказлари, омборлар, ишлаб чиқариш объектлари ва ахборот ресурсларини ишончли ҳимоя қилиш ҳам долзарб аҳамиятга эга.
"TransLogistica Uzbekistan-2026" экспозициясидан темир йўл ва автомобиль транспорти, юк ташиш, экспедиторлик хизматлари, логистика инфратузилмаси ҳамда транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатишга оид ечимлар ўрин олган. Мазкур майдон халқаро ва маҳаллий компаниялар учун янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хизматлар географиясини кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш имконини беради.
Кўргазмада "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси ҳам ўзининг карго салоҳиятини намойиш этмоқда. Миллий авиакомпания билан бир қаторда "Silk Avia" ва "Uzbekistan Helicopters" брендларининг хизматлари ҳам тақдим этилган.
"Uzbekistan Airways" авиакомпанияси Юк ташувлари бошқармаси бошлиғи Султонсаид Аъзамхўжаевнинг таъкидлашича, ушбу тадбир авиация ва логистика соҳаси вакиллари учун янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд шерикликни мустаҳкамлаш ва келгуси режаларни муҳокама қилишда муҳим майдон ҳисобланади.
– Унда нафақат бизнинг имкониятларимиз, балки ҳамкорларимиз хизматлари ҳам тақдим этилади. Айниқса, авиация ташувларини темир йўл ва ер усти транспорти билан уйғунлаштириш, юкларга ишлов бериш, авиа юк ташувларини ташкил этиш ва сотиш бўйича халқаро шериклар имкониятларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистоннинг миллий авиакомпанияси сифатида халқаро бозорда ўз ўрнимизга эгамиз. Ўтган йилги кўргазма натижасида хорижий ва маҳаллий компаниялар билан ўнга яқин янги шартнома имзоланган. Бугунги кунда турли хил юкларни ташиш учун зарур рухсатномаларимиз ва техник имкониятларимиз мавжуд. Асосий мақсадимиз эса маҳаллий экспортчиларга бу ҳақда тўлиқ маълумот бериш ҳамда келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш, – дея таъкидлади Султонсаид Аъзамхўжаев.
Транспорт-логистика тизимининг самарали фаолиятини таъминлашда хавфсизлик масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, "Securex Uzbekistan-2026" кўргазмаси замонавий ҳимоя технологиялари ва комплекс хавфсизлик ечимларини намойиш этишга қаратилгани билан аҳамиятли. Унда видеокузатув, киришни назорат қилиш, қўриқлаш сигнализацияси, ёнғин автоматикаси, киберхавфсизлик ва муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш бўйича ишланмалар тақдим этилмоқда.
Экспозициянинг яна бир муҳим йўналиши криминалистика ва махсус технологияларни қамраб олади. Хусусан, Буюк Британиянинг "Foster + Freeman" компанияси ҳужжатлар ва бармоқ изларини экспертиза қилиш ускуналарини, Беларуснинг "Регула" компанияси ҳужжатлар ҳамда банкнотлар ҳақиқийлигини текшириш ечимларини, Германиянинг "Rohde & Schwarz" компанияси эса ҳимояланган алоқа тизимларини намойиш этмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА