Йўл қурилиши
Автомобиль йўллари қўмитаси оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун Сурхондарё вилоятидаги йўл қурилиши объектларига пресс-тур ҳамда матбуот анжумани ташкил этди.
Марказий ва маҳаллий журналистлар иштирок этган пресс-тур “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида М39 халқаро автомобиль йўлининг Шеробод туманидан ўтувчи қисми бўйидаги бўш майдонларда кузги кўчат экиш юмушлари билан танишишдан бошланди.
Лойиҳанинг кузги мавсумида “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” йўналишидаги М39 халқаро автомобил йўлининг Термиз, Ангор, Музработ, Шеробод туманлари ҳудудидан ўтувчи 61 километр қисмидаги бўш ерларнинг икки атрофи текисланиб, манзарали дарахт кўчатлари экилмоқда. Бунинг учун адир ва тошлоқ майдонлардан иборат бу ерларга унумдор тупроқ ташиб келтирилиб, йўл бўйи кўчат ўтқазишга ҳозирланди. Кузги мавсумда йўлнинг икки бўйидаги бўш ерларга қарийб 300 минг туп турли дарахт кўчати қадаш режалаштирилган.
Вилоят йўлсозлари ҳам ҳудуддан ўзларига бириктирилган майдонни унумдор тупроқ билан тўлдириб, текислашди. Кўчат ўтқазишга киришишди.
Шу ерда вилоят йўлсозларининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштироки ҳақида атрофлича маълумот берилди. Тадбир қатнашчилари ҳам ҳашарда қатнашди. Кўчат ўтқазиб, боғ яратишга ҳисса қўшди.
– Бу ерга 3 минг 500 туп арча, тут ва чинор кўчатини экамиз, – дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Хотамов. – Ёмғирлатиб суғоришни жорий этамиз. Бу юмушни тез, сифатли амалга ошириш учун бошқарманинг еттита корхонасидан 200 дан ортиқ ишчи ва ўндан ортиқ техника жалб этилган.
Шеробод туманидаги 4Р103 “Шеробод ш.-Сурхон темир йўл станцияси” автойўлининг Шеробод дарёси устидан ўтган кўприкнинг қурилганига қарийб олтмиш йил бўлган. Ўтказувчанлиги ўтган асрдаги транспорт қатновига мўлжалланган кўприк йўлида автомобиллар ҳаракати кўпайгани йўлда тирбандликларни юзага келтираётган эди. Бу муаммога чек қўйиш, йўловчиларга қулай шароит яратиш учун кўприк тўлиқ қайта қурилмоқда.
Пресс-тур қатнашчилари қиймати 13,3 миллиард сўмлик замонавий кўприк қурилиши билан ҳам танишди. Узунлиги 72 ва эни 26 метр бўлаётган янги кўприкни “Ўзйўлкўприкқурилиш” кластерининг Сурхондарё филиали давлат муассасаси бунёдкорлари барпо этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокида автомобиль йўлларини реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “4Р105 Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 5-70 километр қисми ва “4Р100 Мангузар-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобиль йўлининг 128-174 километр қисми реконструкция қилинаётир.
Тадбир қатнашчилари Бойсун туманидаги Дарбанд қишлоғидан бошланувчи “Дарбанд-Денов” йўналиши бўйича 4Р105 автомобиль йўлини реконструкция қилиш жараёнларини кўздан кечирди. Узунлиги 111 километр бўлган йўл 2027 йил фойдаланишга топширилади. Унинг қарийб 108 километрини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш режалаштирилган. Йирик лойиҳани амалга ошириш чоғида 26 та кўприк, 2 та йўл ўтказгич, 114 та сув қувури, иккита автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини қайд этувчи назорат пости барпо этилади. Учта лот асосида амалга оширилаётган лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишларини тендер савдоси ғолиби –Озарбайжоннинг “Lankaran Yol Tikinti” акциядорлик жамияти амалга оширмоқда. Бу ерда 147,6 миллион доллар қийматидаги йўл қурилишини бажариш учун шартнома имзоланган.
Шу кунгача йўлсозлар 25,7 миллион доллар маблағни ўзлаштириб, 5,3 миллион метр-куб ҳажмдаги ер ишлари, 81,3 минг метр-квадрат асфальт кўчириш, 5,3 километр муҳандислик тармоқларини кўчириш ишларини якунлади. Лойиҳанинг 28,6 километр қисмида ер ишлари тугатилиб, биринчи ва иккинчи қатлам тош-шағал ётқизиш якунланган. 6,6 километр масофадаги йўлда ишлар тўлиқ якунланиб, бетон ётқизилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар цемент-бетон қопламали йўл қурилишида ерларни сифатли тайёрлаш, цемент-бетон қоплама ётқизиш, ишлар сифатини кўчма лаборатория ёрдамида аниқлаш, йўл мустаҳкамлиги ва чидамлилигини оширадиган бирикмалар қўшиш каби жараёнлар билан яқиндан танишиб, хорижлик ва маҳаллий мутахассислар, ишчилар билан дилдан суҳбатлашди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган марказий лабораторияда бўлиб, цемент, қум ва бошқа бирикмалар таркибини ўрганиш, маҳсулотлар сифатини аниқлаш юзасидан етарли тасаввурга эга бўлди.
Осиё тараққиёт банки иштирокида барпо этилаётган цемент-бетон қопламали йўл пудратчиси “Lankaran Yol Tikinti” акциядорлик жамиятининг Бойсун туманидаги офис биносида ўтказилган матбуот анжуманида вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Б.Хотамов воҳа йўлсозлари амалга ошираётган бунёдкорлик ишлари, йўл инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича маълумот берди.
[gallery-20524]
Йирик ҳажмдаги бу ишлар воҳанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириб, йўловчиларга қулай шароит яратмоқда. Йўллар кенгайтирилиб, асфальт ётқизилаётир. Шунингдек, ички йўллар ҳолати яхшиланиб, улардан фойдаланиш сифати оширилмоқда. Журналист ва блогерлар Бандихон туманидаги асфальтлаш ва Қумқўрғон туманидаги Давлатобод маҳалласи мисолида 13 километрдан ортиқ ички йўлга цемент-бетон қоплама ётқизиш ишлари билан танишиб, вилоят йўллари том маънода улкан қурилиш майдонига айланганига ишонч ҳосил қилди.
– Сурхон тарафга сўнгги йигирма беш йилда биринчи марта келишим, – дейди журналист Шарофиддин Тўлаганов. – Шу пайтгача йўл қурилиши ҳақида тасаввурим умуман бошқача эди. Бугун кўриб, лол қолдим. Ташкилотчиларга раҳмат. Биласизми, нега бундай деяпман? Биринчидан, эски йўлдан, иккинчидан, янги қурилаётган йўлдан ва учинчидан, мутлақо янги йўлдан юрдик. Айниқса, тоғу тошларни кесиб, цемент-бетон қопламали кенг, равон йўл қурилаётганига ҳавасимиз келди. Йўлсозларнинг шарафли ва айни пайтда машаққатли меҳнатлари билан жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган йўллар барпо этилаётганига гувоҳ бўлдик.
Пресс-тур барчада бой таассурот уйғотди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат),
ЎзА мухбирлари