Шу кунларда “А-380” русумли “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобиль йўли қурилиши жадал бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида мазкур автомобиль йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган 150 –228 километр оралиғидаги 78 км қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳа бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилди. Унда қатнашган Хитой Халқ Республикасининг “CRBC ва СССС Third Highway Engineering Co. Ltd” қўшма корхонаси халқаро аҳамиятдаги йўл иншоотининг цемент-бетон қопламасини қуриш ишларига бош пудратчи этиб тайинланган. Объектнинг тупроқ кўтармаси ва асосларини қуриш ишларида маҳаллий пудратчилар қатнашиши кўзда тутилган.
[gallery-14876]
–Лойиҳанинг умумий қиймати 207,2 миллион АҚШ долларини ташкил қилади, – дейди Бухоро вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бош муҳандиси Ҳасан Шеров. –Бу лойиҳа амалиётини 2025 йил охирига қадар тўлиқ якунига етказиш чоралари кўрилмоқда.
Бу лойиҳада қурилиш устидан техник назоратни олиб бориш учун ўтказилган тендер натижалари кўра, АҚШ нинг “SHELADIA Associates, Inc” инженер-консультант компанияси билан 2023 йил 20 январида ўзаро келишув шартномаси имзоланган. Автомобиль йўли мукаммал таъмирига доир белгиланган ишларнинг 2023 йилга белгиланган ўзлаштириш режаси шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида 8 миллион АҚШ долларига тенг эди ва бу қийматда молиялаштирилган сармоя тўлиқ сарфланган.
Айни кунларда эса бу автомобиль йўлининг 228-315 километрлари оралиғидаги 87 километр йўл қисмини мукаммал реконструкция қилиш лойиҳаси якуний босқичга кирган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 сентябрдаги “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “А-380” русумли “Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу” автомобиль йўлининг 228-315 (87) километр қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мазкур лойиҳани тўлақонли амалга ошириш муддати 2020-2023 йилларга мўлжалланган.
Халқаро аҳамиятдаги йўл таъмири лойиҳаси вилоятда Бухоро, Ромитан, Жондор ва Пешку туманларидан ўтган автомагистрал йўлини ўз тасарруфига олади. Лойиҳанинг умумий қиймати 184,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Шундан Осиё Тараққиёт банкининг маблағи – 131 миллион АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг улуши эса 53,8 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Мазкур лойиҳани тўла-тўкис амалга ошириш масъулиятини Хитой Республикасидан пудрат корхонаси “China Railway 20 Bureau Group Corporation” ўз зиммасига олган. Мазкур корхона билан 99,8 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Бу жараёнда қурилишда техник назорат олиб борувчи консалтинг компанияси эса Корея Республикасининг “Dohwa Engineering Co., Ltd.” компанияси бўлиб, бу корхона билан 3,5 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги келишув битимига эришилган.
Ҳозирга қадар объектда пудратчи томонидан автомобил йўлининг умумий 163 километр қисмида цемент-бетон йўл қуриш ишлари тўлиқ якунига етказилмоқда. Жумладан, Бухоро–Хоразм йўналиши бўйича 84 километр ҳамда Хоразм–Бухоро йўналиши бўйича 79 километр автомобил йўлида белгиланган чора-тадбирлар талаб даражасида амалга оширилмоқда.
–Лойиҳа доирасида қайтадан қуришга тушган жами 15 та кўприкнинг 13 тасида қурилиш ишлари тўлиқ якунланди, –дейди бошқарма бош мутахассиси Фаррух Деҳқонов. –Автомобиль қатнови йўлга қўйилган. Айнан мазкур автомобиль йўлининг 368,1 километр қисмида “Ўнг қирғоқ” коллектори устидан янги кўприк қуриш белгиланган. Объектнинг умумий қиймати 26 миллиард 535 миллион сўм бўлиб, 2023 йил учун буюртмачи ва пудратчи Навоий кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси ўртасида 14,1 миллиард сўмга тенг шартнома тузилган. Жорий йилнинг ўтган даври давомида пудратчи томонидан кўприкда белгиланган иш бажарилиб, иншоот фойдаланишга топширилган.
Шунингдек, қолган 2 та кўприкда асосий қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмоқда ва ҳадемай бу ўтказгичлар ҳам фойдаланишга топширилади. Умуман, бу лойиҳага мувофиқ, жорий йил якунига қадар асосий қурилиш ишлари якунланади. Биринчи босқичда 78 километр, яъни “Жўйзар” кўпригидан Қоровулбозор кенгликлари бўйлаб қўшни вилоятнинг Муборак тумани чегарасигача, иккинчи босқичда эса айнан “Жўйзар” кўпригидан Газли шаҳарчаси бўйлаб қўшни Хоразм вилояти чегарасигача бўлган 87 километрдан иборат лойиҳа – кенг ва равон йўл жаҳон стандартларига мос сифатли қуриб битказилади.
Натижада бу равон йўл кўп йиллар давомида халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари