Сурхондарёда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг билим ва малакаси оширилмоқда
Термизда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖХД йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари иштирокида ўқув машғулоти ўтказилди.
Республика ЙҲХБ маъмурий амалиёт маркази бош инспектори, подполковник Д.Камолов, Республика йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси ДТМ етакчи мутахассиси, лейтенант А.Абдимўминов, республика йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати алоҳида йўл-патруль хизмати отряди катта инспектори, катта лейтенант Б.Абдуллаевлар ўқув машғулотини мазмунли ва қизиқарли ўтказди. Машғулотда асосан бир нечта масалаларга эътибор қаратилгани диққатга сазовордир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ҳукумат қарорлари ва Ички ишлар вазирлиги буйруқлари ҳамда ички ишлар ходимлари олдига қўйилаётган бугунги кун талаблари кенгроқ тушунтирилди. Иккинчидан, инновацион технологиялар, шу жумладан, аниқ вазиятлар таҳлил қилинган машғулотларда ахборот-ҳуқуқий ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари ҳамда хизмат давомида радио алоқа воситалари, планшетлар, боди-камерадан фойдаланиш қоидалари ўргатилди.
Бундан ташқари мопед, мотоцикл, скутер ва электр мотоцикл воситаларани белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш, уларни бошқаришга қўйилган талаблар ҳамда йўл ҳаракати қоидабузарлиги тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган низоли ҳолатлар, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати вакиллари билан ўзаро муносабатлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Ўқув йиғини қатнашчилари бундай фойдали машғулотлар йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикаси самарадорлигини оширишда ва хизмат сифатини янада яхшилашда катта наф келтиришини алоҳида таъкидлашди.
Бундай ибратли тадбирлар ўтказилишида Асқаржон Мўминов, Фахриддин Муҳиддинов, Илҳом Ботиров, Акмал Тўраев ҳамда Элнур Абраевларнинг фидойилиги ва хизмати катта бўлаётир. Энг муҳими, бундай тадбирлар соҳа ходимлари билим ва малакасини оширишда, вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ҳамда уларнинг сонини янада камайтиришда қўл келмоқда.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири