Ўқув машғулотлари ўтказилди
Жиззах вилоятида йўл-патруль хизмати ходимларининг касбий маҳорати ва фуқаролар билан мулоқот маданиятини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Тадбирда скутер ва мопед бошқариш учун «А1» тоифасидаги гувоҳнома олишга оид янги қонун талаблари тушунтирилди. Шунингдек, инспекторлар коррупцияга қарши муросасиз бўлишга чақирилди.
Тадбир Ички ишлар вазири биринчи ўринбосарининг 2026 йил 9 октябрдаги тегишли фармойиши ижроси доирасида ташкил этилди. Машғулотларда ИИВ ЖХД ЙҲХХ ишчи гуруҳи ва Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари иштирок этишди.

Мулоқотлар давомида йўл-патруль хизмати фаолиятини ташкил этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, чорраҳаларда ҳаракатни бошқариш, кузатув тадбирларини ўтказиш ва маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ҳамда скутер ва мопед бошқариш учун «А1» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга оид янги қонунчилик талаблари ва уларни амалиётда қўллаш тартиблари атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, хизмат жараёнида ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш масаласи кўтарилди. Фуқаролар билан мураккаб вазиятларда мулоқот қилиш, хизмат этикаси ва муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув машғулотларининг иккинчи куни ЙПХ батальони инспекторлари иштирокида давом этди. Унда хизмат интизоми, қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялаш масалалари муҳокама қилинди.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати масъуллари ходимларни коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз бўлиш ва хизмат вазифасини ҳалол бажаришга чақирди. Хизмат мавқеини суиистеъмол қилмаслик ва ички идоравий талабларга амал қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Бундай ўқувлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ходимларнинг масъулиятини оширишга қаратилган. Қонунийлик ва хизмат маданиятига қатъий риоя этиш фуқароларнинг ички ишлар органларига ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Сабоҳат Давлатова,
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ
Ахборот гуруҳи мутахассиси
ЎзА