Термизда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Сурхондарё вилоят комиссияси аъзолари учун навбатдаги семинар машғулоти бўлиб ўтди.
Тадбирда фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Сурхондарё вилоят комиссияси раиси Абдураим Чориев, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи, комиссия раиси ўринбосари Сайдулла Абдураимов, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи Сарвар Мирзаевлар сўнгги йилларда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш, тизимни босқичма-босқич ривожлантириш, унинг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан амалга ошираётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига кўра, шу йилнинг май-июль ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари сайловининг ўзига хос хусусиятлари, қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ юз берган янгиланишлар, фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари учун тайёрланган қўлланманинг мазмун-моҳияти, фуқаролар йиғини раиси сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва уни очиқ-ошкора ўтказиш хусусида фикр алмашди. Жорий йилнинг 1-10 май кунлари ўтказиладиган фуқаролар йиғини раиси сайловига кўрилаётган ҳозирлик ишлари таҳлил қилиниб, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси аъзоларининг муҳим кампания давридаги вазифалари тушунтирилди.
Айни пайтда вилоятда фуқаролар йиғини раиси сайловини юксак савияда ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман, шаҳар комиссиялари, фуқаролар йиғинларида сайловни ўтказувчи ишчи гуруҳлар белгиланган чора-тадбирлар режасини сифатли амалга ошираётир.

Ўзбекистон маҳалла уюшмасининг ишчи гуруҳлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш, маҳалла раиси сайловини ташкил ва ўтказиш бўйича услубий тавсия, маҳалла раиси сайловига оид “100 саволга – 100 жавоб” ва маҳалла раиси сайловига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами, услубий қўлланмалар, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари учун эслатмалар китобчаси тарқатилди.
Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят, туман, шаҳар комиссиялари ҳамда ишчи гуруҳлари учун ўқув-семинарлар ўтказилиб, янги Ўзбекистоннинг янги маҳалла сайлови тартиб-таомиллари билан яқиндан таништирилди.

Жорий йил май ойининг биринчи ўн кунлигида вилоятдаги 151 маҳаллада фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш режалаштирилган.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири