Сурхондарё вилоятидаги 15 та ўзини ўзи бошқариш органида намунали тарздаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови бўлиб ўтди.
Бойсун туманидаги олис Дуоба маҳалласида бўлиб ўтган сайловда икки номзод ўз дастури билан иштирок этди.
Маҳаллада 2 минг 613 киши яшайди. Ишчи гуруҳ аъзолари 1 минг 575 нафари сайлов ёшига етган ва сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролардан 189 нафар вакилни сайлаган.

Маҳалладаги 17-мактабда ўтказилган сайловда 160 дан ортиқ вакил иштирок этиб, номзодларнинг дастурларини тинглади. Миллий қонунчилигимизга мувофиқ очиқ, шаффоф яширин овоз бериш жараёнида 135 нафар сайловчи Тилло Низомов номзодини қўллаб-қувватлаб, маҳалла раиси лавозимига сайлади.

– Бу йилги маҳалла раиси сайлови янги мезонлар асосида ўтказилди, – дейди шу маҳаллада яшайдиган 85 ёшдаги меҳнат фахрийси Муҳаммади Ғиёсов. – Номзодлар ўз дастурлари билан қатнашгани бўлғуси раиснинг вазифасига қандай тартибда ёндашаётганини намойиш этди. Масъулият ҳиссини кучайтирди. Илгари маҳалла раиси сайловида бунақа талаблар йўқ эди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда маҳаллаларга қаратилаётган эътибор ва аҳолининг янада осуда, тўкин турмушини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар ифодасидир.

Туманда 39 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Белгиланган тартибга кўра, уларда май-июнь ойларида маҳалла раиси сайлови босқичма-босқич ўтказилади.
Ангор туманидаги “Юқори Хўжақия” маҳалла фуқаролар йиғини сайловида ҳам икки номзоднинг дастури эшитилди. Сайлаш ваколатига эга 220 вакилнинг 215 нафари қатнашиб, маҳалланинг келгусидаги беш йиллик ривожланиши учун овоз берди ва амалдаги раис Бектош Ҳасанов “Юқори Хўжақия” маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди.

Шу куни сайлов бўлиб ўтган 10-мактабда “Ўзим ўқиган мактабимга китоб совға қиламан” акцияси ўтказилди. Аъло баҳоларга ўқиётган, турли танловларда ғолиб бўлган ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурнома топширилди. Қизиқарли спорт мусобақалари ташкил этилди.
Термиз шаҳри ва туманларда бўлиб ўтган маҳалла раисларининг намунали сайловларини маҳаллалардаги ишчи гуруҳлар раислари кузатиб, кўникмаларини янада мустаҳкамлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири