Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳамда уларни от спортига кенг жалб этиш, мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантириш мақсадида:
1. Миллий гвардия ҳузурида Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилсин.
Сурхондарё вилояти, Термиз тумани, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 64,6 га ер майдони бино ва иншоотлари билан бирга Миллий гвардиянинг балансига ўтказилсин ва унда Қорабайир отлари маҳорат мактаби жойлаштирилсин.
Миллий гвардия (Р.Джураев), Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Т.Боболов) ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси (Б.Газиев) Қорабайир отлари маҳорат мактаби фаолиятини 2021 йил 1 октябрдан бошлаб тўлиқ йўлга қўйсин.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Т.Боболов) икки ой муддатда Қорабайир отлари маҳорат мактаби отларига озуқа базасини яратиш мақсадида 100 га суғориладиган ер майдонини белгиланган тартибда ажратиш чораларини кўрсин.
2. Қуйидагилар Қорабайир отлари маҳорат мактабининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган миллий от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказишда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан Қорабайир зотли отлар бош сонини кўпайтириш;
Қорабайир зотли отларни сақлаш ва сифатли ветеринария хизмати кўрсатиш ишларини яхшилашга кўмаклашиш, шунингдек, жаҳон бозорида от зотлари орасида Қорабайир от зотининг рақобатбардошлигини таъминлаш;
аҳолининг кенг қатламини, айниқса ёшларни, Қорабайир отлари маҳорат мактабидаги секция ва клубларга жалб этиш.
3. Қорабайир отлари маҳорат мактаби ходимларининг чекланган сони 50 нафардан иборат тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг штат бирликлари (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) Миллий гвардияга ажратилган умумий штат бирликлари доирасида шакллантирилади;
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг директори лавозими офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчи билан жамланувчи лавозим сифатида белгиланади ҳамда мазкур лавозим учун 16,3 тариф разряди ва “подполковник” ҳарбий унвон поғонаси ўрнатилади;
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг раҳбар ходимлари, инструктор-методистлари, тренер-ўқитувчилари ва тиббиёт (ветеринария) хизмати, уста-чавандоз, от парваришловчи ва тақачи ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади;
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг моддий-техника базасини дастлабки мустаҳкамлаш, жумладан, техника, анжомлар ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш Сурхондарё вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг моддий-техника базасини кейинчалик мустаҳкамлаш ва унинг молиявий таъминоти (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал хизматлар, отларга озуқа ва дори-дармонлар сотиб олиш ҳамда бошқа харажатлар) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг ҳамда унинг секция ва клублари фаолиятини ташкилий-методик таъминлаш Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси билан биргаликда амалга оширилади;
Қорабайир отлари маҳорат мактаби учун Қорабайир зотли отлар Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси мутахассисларининг хулосасига асосан танлаб олинади.
Қорабайир отлари маҳорат мактабига ўз фаолияти ихтисослиги бўйича пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан мактабнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда унинг ходимларини моддий рағбатлантиришга рухсат берилсин.
5. Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Қорабайир отлари маҳорат мактабида шуғулланувчилар кейинчалик бепул фойдаланишлари учун Қорабайир зотли отларни Сурхондарё вилоятининг маҳаллий бюджети ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг маблағлари ҳисобидан сотиб олиш ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерациясининг:
Сурхондарё вилоятини республикада Қорабайир зотли отлар наслчилиги ва спортини ривожлантириш бўйича етакчи ҳудуд сифатида белгилаш;
Сурхондарё вилоятининг барча туманларида Қорабайир зотли отлардан фойдаланишга ихтисослашган секция ва от спорти клубларини ташкил этиш ҳамда юқори малакали тренерларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Т.Боболов) икки ой муддатда вилоятнинг туманларида Қорабайир зотли отлардан фойдаланишга ихтисослашган секция ва от спорти клубларини ташкил этиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бепул фойдаланиш учун тегишли бино ва иншоотларни тақдим этсин, зарур ҳолларда, мазкур бандни амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Миллий гвардия, Туризм ва спорт вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси:
бир ой муддатда Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш учун комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;
Миллий гвардия, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассис-чавандоз, инструктор-чавандоз ва бошқа ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этсин;
Қорабайир отлари маҳорат мактабини малакали мутахассислар билан тўлдириш, зарур ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, шунингдек, ўқув-машқ жараёнини лозим даражада ташкил этиш учун ўқув биноларини жиҳозлашнинг зарур чораларини кўрсин;
икки ой муддатда Қорабайир отлари маҳорат мактаби томонидан жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизмат кўрсатиш тартибини мазкур хизматлар ҳажмини кўрсатган ҳолда тасдиқласин;
ҳар йили “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Сурхондарё вилоятида Қорабайир зотли отлар иштирокида халқаро чавандозлар мусобақасини ўтказсин;
ҳар йили Қорабайир зотли отлар иштирокида миллий от спорти турлари, замонавий бешкураш, поло бўйича маҳалла, туман, вилоят ва республика миқёсида мусобақалар ташкил этсин;
2022 йил 1 январга қадар Сурхондарё вилоятининг барча туманларида Қорабайир отлари маҳорат мактабининг секция ва клубларини ташкил этсин.
8. Молия вазирлиги (Т.Ишметов):
2021 йилда Миллий гвардиянинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича Қорабайир отлари маҳорат мактабини молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, хизмат кўрсатувчи ходимлар таъминоти учун Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратсин;
2022 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида ушбу қарор доирасида Қорабайир отлари маҳорат мактаби молиявий таъминоти ҳамда уни моддий-техник жиҳозлаш, шу жумладан, отларни парваришлаш учун зарур бўлган бюджет маблағларини назарда тутсин.
9. Миллий гвардия (Р.Джураев) Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси билан биргаликда Қорабайир отлари маҳорат мактаби Қорабайир зотли отларининг селекциясига эътибор берган ҳолда ҳарбий хизматга яроқли хизмат отларини тайёрлаш ва уларни келгусида хизмат мақсадларида фойдаланиш чораларини кўрсин.
10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) марказий асаб тизими касалликлари ва от ёрдамида даволаш мумкин бўлган бошқа касалликларнинг рўйхатини шакллантирсин ва касалларни Қорабайир отлари маҳорат мактабига йўналтириш бўйича дастур ишлаб чиқсин.
11. Туризм ва спорт вазирлиги (А.Абдухакимов) Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда Қорабайир отлари маҳорат мактабида туризм инфратузилмасини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий гвардия билан биргаликда:
Қорабайир отлари маҳорат мактабининг фаолиятини намойиш этувчи кўрсатув ва эшиттиришларни тайёрласин, бунда Қорабайир зотли отларнинг хусусиятларига алоҳида эътибор қаратсин;
мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид туркум мақолалар, брифинглар, тематик телекўрсатувлар ташкил этсин;
қорабайир зотли отларни оммалаштириш мақсадида махсус веб-сайтлар ташкил этсин ва унинг фаолиятини доимий йўлга қўйсин;
“Ҳар бир йигитнинг уйида оти бўлсин” шиори остида Қорабайир зотли отларнинг тарғиботини амалга оширсин.
13. Миллий гвардия бир ой муддатда:
Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси билан биргаликда Қорабайир отлари маҳорат мактаби уставининг белгиланган тартибда тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Миллий гвардия қўмондони Р.М.Джураев, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А.Боболов ҳамда туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Қ.Каримов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 5 август