Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Мамлакатимизда йилқичилик, наслчилик ва от спортини ривожлантириш, маҳаллий зотдор отларни кўпайтириш, замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шунингдек, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида:
1.Қуйидагилар Ўзбекистонда йилқичилик ва от спортини
(кейинги ўринларда – от спорти) ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
мамлакатда от спортини ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш (селекция) ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турлари бўйича профессионал тренерлар, ҳакамларни тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, от спортининг илмий-методологик базасини янада кучайтириш;
от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани шакллантириш, шу жумладан от спорти клублари фаолиятини ривожлантириш, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш;
Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотларига босқичма-босқич от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини киритиш;
от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш, йирик халқаро мусобақалар, жумладан ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказиш;
от спорти ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш.
2. Бош вазирнинг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар мазкур қарорда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, соҳада катта тажрибага эга бўлган маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда ташкилотларни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва поло спорт турини 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастурини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг:
Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида от спортини ривожлантириш, наслли ва зотдор отларни кўпайтириш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристларнинг дам олишини ташкил қилиш учун зарур инфратузилма объектларидан (ипподром, стадион, сузиш ҳавзаси, меҳмонхона, даволаш-соғломлаштириш мажмуаси, кафе, ветеринария дорихонаси, ўқув маркази, спорт ва зотдор отлар учун ветеринария клиникаси) иборат кўп тармоқли спорт мажмуаларини давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиш;
Қашқадарё вилоятини республикада от спортини ривожлантириш бўйича етакчи ҳудуд сифатида белгилаш;
соф зотдор отларни урчитиш ва кўпайтириш, ёш отлар ривожланиши ва ўсишини, яйлов ва ем-озуқа базасини мустаҳкамлаш, йилқичилик фермаларида қимиз ишлаб чиқаришни, интенсив от бўрдоқичилигини ташкил этиш ва отлардан олинган маҳсулотлар турларини кенгайтириш учун етарлича ер майдонлари ажратиш;
от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар ҳамда республика олий спорт маҳорати мактабларида ноёб зотдор спорт отларини кўпайтириш учун Давлат бюджетидан уч йил давомида
5 миллиард сўмгача маблағ ажратиш ва устувор равишда республика от заводларида кўпайтирилган ноёб зотдор спорт отлари ҳисобидан таъминлашни йўлга қўйиш;
ҳар бир олимпия захиралари коллежида 2021-2025 йиллар давомида от спорти бўлимларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
4. Қуйидагиларни назарда тутувчи от спорти бўйича спорт мусобақаларини ўтказишнинг уч босқичли тизими жорий этилсин:
биринчи босқичда – от спорт клублари, от спорти мактаблари, секциялар жамоалари ўртасидаги мусобақалар (туман/шаҳар босқичи);
иккинчи босқичда – туман (шаҳар) спорт мусобақаларида ғолиб чиққанлар, жамоалар ўртасидаги мусобақалар (вилоят босқичи);
учинчи босқичда – ҳудудларда ташкил этилган спорт мусобақаларида ғолиб чиққанлар, жамоалар ўртасидаги мусобақалар (республика чемпионати, биринчилиги, кубоги) (республика босқичи).
5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2021-2025 йилларда от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки:
от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига методик кўмаклашиш Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерацияси томонидан амалга оширилади;
от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимига киради ҳамда ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил
23 сентябрдаги 211-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширадиган мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклансин:
ҳудудий йилқичилик ва от спорти федерацияларининг молиявий ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
тегишли ҳудудларнинг раҳбар кадрлари орасидан номзодларни ҳудудий от спорти ва йилқичилик федерациялари раиси лавозимига тавсия этиш;
тегишли ҳудудда от спортининг ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, давлат-хусусий шериклик асосида камида битта от спорти клубини ташкил этиш, от спорти машғулотларини ўтказиш учун от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби базасида ипподром, шунингдек, тегишли ҳудудий от спорти ва йилқичилик федерацияларини жойлаштириш учун бинолар ажратиш;
мазкур қарорнинг 5-бандига мувофиқ от спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этиш ишларига яқиндан кўмаклаш;
2022-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар
ва Тошкент шаҳрида от спортига ихтисослаштирилган болалар
ва ўсмирлар спорт мактабларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишларини Инвестиция дастури доирасида амалга ошириш юзасидан таклифлар киритиш.
7. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
2019 йил 18 февралдаги ПҚ–4194-сон қарорига мувофиқ ташкил этилиши белгиланган Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази негизида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳузурида “O‘zbegim Otlari” МЧЖ билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик асосида, юридик шахс мақомига эга бўлган, Наслли, спорт ва тозақонли отларни етиштириш
ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
8. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда “O‘zbegim Otlari” МЧЖ билан биргаликда:
икки ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш ва унинг уставини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;
олти ой муддатда Марказнинг бино ва иншоотларини қуриб битказиш ҳамда 2022 йил 1 январдан тўлақонли фаолиятини бошлаш чораларини кўрсин.
Молия вазирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритсин.
9. Белгилансинки, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб от спортини ривожлантиришда катта аҳамият касб этадиган “зоотехник”,
“ветеринар-шифокор”, “фельдшер-ветеринар”, “уста-чавондоз”,
“от парваришловчи”, “тақачи” мутахассисликлари учун шифокор, ҳамшира, тренер ва спортчиларга тенглаштирилган даражада ойлик маошлар тўланади.
10. Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилдан бошлаб илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ мамлакатимизда зотдор отларни кўпайтириш ва наслчилик технологияларини яратиш билан боғлиқ муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган лойиҳалар танловлар асосида молиялаштирилишини таъминласин.
11. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, Ўзбекистон поло федерациясининг “Universal Jumping Agro” МЧЖ (кейинги ўринларда – Инвестор) томонидан Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Мевазор” МФЙ ҳудудида замонавий кўп тармоқли спорт комплекси ҳамда маҳаллий ва хорижий туристларнинг дам олишини ташкил қилиш учун ёпиқ сузиш ҳавзаси, меҳмонхона, даволаш-соғломлаштириш муассасалари, савдо-кўнгилочар ва дам олиш инфратузилмалари, автотранспорт воситалари турар жойлари,
ипподром, стадион, енгил атлетика билан шуғулланиш учун
майдон ва бошқа объектларни (кейинги ўринларда – инвестиция
лойиҳаси) 2021-2022 йилларда барпо этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
12. Тошкент вилояти ҳокимлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Тошкент вилояти, Қибрай тумани, “Мевазор” МФЙ ҳудудида жойлашган ва Инвесторга бириктириб берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан инвестиция лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш учун Инвесторга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида зарур ер майдонлари ажратилишини таъминласин.
13. Қуйидагилар инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида барпо этиладиган замонавий кўп тармоқли спорт мажмуасининг асосий фаолият йўналишлари эканлиги инобатга олинсин:
йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан ноёб зотли спорт отларини кўпайтириш;
ёш авлод чавандозларини тарбиялашга йўналтирилган от спорти мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш;
ёш спортчиларни жалб қилган ҳолда, миллий ва халқаро от спорт турларини ривожлантириш, спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, миллий ва халқаро даражада йилқилар кўргазмаларини ташкил этиш;
йилқичилик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш;
замонавий бешкураш спортчиларининг маҳорат даражасини ошириш орқали уларнинг халқаро даражаларга кўтарилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
ўсмир болалар ва ёшларни замонавий бешкураш ва поло спорт тури билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, уларнинг ҳар томонлама жисмоний камол топишига ва соғлом турмуш тарзига йўналтиришга қаратилган жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ишларини амалга ошириш;
замонавий бешкураш бўйича ҳакамларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.
14.Белгилансинки:
а) инвестиция лойиҳасини амалга оширишда Инвестор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
Инвестор фаолият турини ўн йил давомида сақлаб туриш шарти билан ажратилган ер майдонига камида 10 миллион АҚШ доллари, шундан 7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобидан камида 150 ўринли 3 юлдузли меҳмонхона, даволаш-соғломлаштириш муассасалари, спорт ва зотли отлар учун мўлжалланган ветеринария клиникаси, маиший хизмат кўрсатиш, автотранспорт воситалари турар жойлари, савдо-кўнгилочар
ва бошқа дам олиш инфратузилма объектларини барпо этиш;
ишлаб чиқиладиган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида
2021-2022 йилларда белгиланган инвестиция маблағларини тўлиқ ўзлаштириш ва объектларни фойдаланишга топшириш;
камида 150 та янги иш ўринларини яратиш;
б) Инвестор 2022-2025 йиллар мобайнида Жисмоний тарбия
ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан тақдим этиладиган рўйхатларга мувофиқ:
терма жамоалар спортчиларини от спорти ва бешкураш спорт турлари билан бепул шуғулланиши учун етарлича шарт-шароит яратади;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида республика ва халқаро даражадаги спорт тадбирларини ижара тўловларисиз ўтказади;
ҳар йили 25 нафар ёш спортчи (чавандоз)ларни бепул малакасини ошириши учун шароит яратади;
республикадаги кўп тармоқли от спорти мажмуаларида хорижий малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда бепул маслаҳатлар, ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиб борилишини таъминлайди;
в) “Universal Jumping Agro”, “O‘zbegim Otlari” ва “Oltin Taqa Qo‘shuv” МЧЖларининг йилқичилик ва от спорти мажмуалари кейинги уч йил давомида республикада наслли отларни кўпайтириш ва от спортини ривожлантириш бўйича ўқув-машғулот базалари функциясини бажаради;
г) Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси аъзоси ҳисобланган нодавлат от заводлари (мажмуалари), клублари, мактаблар (муассасалар) ҳар йили хориждан қуйидаги тақсимотга асосан наслли, спорт ва тозақонли отлар олиб келиш орқали доимий равишда зотдор отлар сонини кўпайтириш чораларини кўради. Бунда мавжуд от боши 50 тагача бўлса – 2 та от, 50 дан 100 тагача бўлса – 3 та от, 100 дан
400 тагача бўлса – 4 та от ва 400 дан кўп бўлса – 5 тага от кўпаяди;
д) истисно тариқасида, Инвестор томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаси ҳамда Марказни ташкил этиш билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари учун тўловлар ундирилмайди;
е) 2025 йилнинг 1 январига қадар:
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда унинг аъзолари мол-мулк, ер солиғи ва қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғидан;
ипподромлар, от спорти клублари ва спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун олиб келинадиган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган инвентарлар, спорт отлари, наслли маҳсулотлар (материаллар), озуқалар, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар, витаминлар, ускуналар ва материаллар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимидан ташқари) озод этилади.
15.Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси билан ҳамкорликда бир ой муддатда 2021-2023 йилларда от спорти мактаблари ҳамда клубларини ташкил этиш ва ўзига тегишли бўлганларини такомиллаштириш чораларини кўриш, шунингдек, идоравий мансуб йилқичилик ва спорт базаларини уларда ёшларни
от спорти билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида барча учун очиқ бўлган секциялар ҳамда тўгаракларни ташкил этган ҳолда модернизация қилиш ишларини бошласин.
16. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт
ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Ўзбекистон йилқичилик
ва от спорти федерацияси билан биргаликда бир ой муддатда “Марказий ипподром” АЖда реконструкция ва таъмирлаш ишларини давом эттириш юзасидан аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ва молиявий манбаси аниқланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Тошкент вилояти ҳокимлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда:
белгиланган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар ўз муддатида бажарилиши юзасидан мониторинг юритилишини ҳамда ҳар чорак якуни билан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борилишини;
зиммасига олинган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрни Инвестор ҳисобидан тўлиқ қопланишини таъминласин.
18. Тошкент вилояти ҳокимлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида инвестиция лойиҳаси учун ажратиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонига тенг миқдорда янги ерлар ўзлаштирилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.
19. Қурилиш вазирлиги мазкур қарор доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бажариладиган ишларнинг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 11 март