Хабарингиз бор апрель ойида “Меҳр-5” операциясида 93 нафар ўзбекистонлик — 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Суриядан Тошкентга олиб келинган эди.
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати ахборотига кўра, маълум муддат аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилиб, уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилди.
Куни кеча Чирчиқ шаҳрида “Меҳр – 5” операциясида олиб келинган болаларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, юртимизда кечиримлилик, афв этиш, адашган кишиларнинг тўғри йўлга тушиб кетишига имкон беришдек эзгу ишлар мунтазам амалга оширилмоқда. Чирчиқ шаҳар ИИБ ва Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан 45 нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар расмийлаштирилиб, тантанали равишда топширилди. Қолган 24 нафар болага эса бошқа вилоятлардан такрорий гувоҳномалар олиши таъминланди.
А.Мусаев, ЎзА,