Нуронийларнинг Айдаркўлга саёҳати ташкил этилди
Юртимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва мароқли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шундай хайрли ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган — «Кексалар учун туризм ойлиги» доирасида жойларда қатор маънавий-маърифий ва саёҳат тадбирлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бир гуруҳ фаол нуронийлар учун табиати гўзал ва ҳавоси мусаффо бўлган Айдаркўл бўйидаги замонавий дам олиш ва соғломлаштириш масканига саёҳат ташкил этилди.

Юртимизда кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган мазкур ташаббус Тошкент шаҳар «Нуроний» жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Саёҳат давомида отахон ва онахонлар Айдаркўл соҳилидаги дам олиш маскани, бу ерда яратилган шароитлар, маиший ва тиббий хизматлар билан яқиндан танишди. Айниқса, Айдаркўл бўйлаб яхтада сайр қилиш нуронийларга унутилмас таассурот ва кўтаринки кайфият бағишлади.

Ташкил этилган саёҳатдан мамнун бўлган нуронийлар ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида эзгу дуолар қилди.
Кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг фаол ва мазмунли ҳаёт кечириши учун имкониятлар яратиш мамлакатимиздаги ижтимоий ташаббусларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА