«Яйлов чиптаси» аҳоли чорвасига тўсиқ бўладими? - Мутахассислар масалага ойдинлик киритди
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «энди оддий далаларда ўт ўриш ёки мол боқиш учун ҳам махсус рухсатнома олиш шарт бўлар экан», деган мазмундаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда «ўрмон чиптаси» тизими амалда бўлган бир шароитда «яйлов чиптаси» механизмининг таклиф этилиши аҳоли орасида турли саволларни келтириб чиқарди.
Хўш, аслида вазият қандай? Яйловлар кимнинг тасарруфида ва янги тартиб қишлоқ аҳолисининг шахсий хўжалигидаги чорва молларига қандай таъсир кўрсатади? Ушбу саволларга Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Истамов батафсил жавоб берди.
–Бугунги кунда республикамиздаги жами 21,2 миллион гектар яйлов ва пичанзорлар иккита йирик йўналиш асосида тақсимланган. Хусусан, қарийб 3 миллион гектар ер майдони Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги тасарруфидаги ўрмон фонди ерлари сирасига киради. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, айнан мана шу ҳудудларда пичан ўриш ёки чорва боқиш истагида бўлган фуқаролар учун аввалдан электрон шаклда «ўрмон чиптаси»ни расмийлаштириш тартиби жорий этилган.
Қолган 16,3 миллион гектар умумий яйлов майдонлари эса Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳисобида туради. Ҳозирги вақтда ушбу ерлардан чипта асосида фойдаланиш амалиёти мавжуд эмас.
Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат яйловларнинг таназзулга учраши, яъни деградациясининг олдини олиш, чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда ер ресурсларидан оқилона ва тизимли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасининг 30-моддасида юридик ва жисмоний шахсларга яйловлардан ижара шартномаси ёки «яйлов чиптаси» орқали фойдаланиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда. Бунда инсон омилини чеклаш, барча жараёнларни очиқ ва шаффоф ташкил этиш, шунингдек, бўш турган ер майдонларини электрон аукцион воситасида муомалага киритиш учун «E-yaylov» рақамли платформаси имкониятларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Эътиборли жиҳати шундаки, янги ҳужжат яйловлардан нафақат анъанавий чорвачилик, балки асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда экотуризмни ривожлантириш йўналишларида фойдаланиш учун ҳам мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.
Аҳолини энг кўп қизиқтираётган «энди шахсий хўжаликдаги моллар қаерда боқилади» деган саволга ҳам лойиҳада аниқ ечим белгиланган. Ушбу ҳужжат ҳозирча фақат қонун лойиҳаси мақомида бўлиб, биринчи ўқишда маъқулланган холос. Демак, ундаги қоидалар ҳали қонуний кучга кирган мажбурий талаб эмас ва бугунги кунда аҳолидан оддий далаларда ўт ўриш учун ҳеч қандай рухсатнома сўралмайди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасини тайёрлашда қишлоқ аҳолисининг ҳаётий манфаатлари алоҳида ҳисобга олинган. Ҳужжат нормаларига кўра, фуқаролар ўз хонадонидаги чорва молларини боқиши учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан алоҳида «жамоат яйловлари» ажратилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бу эса аҳолининг чорва молларини боқиш билан боғлиқ эҳтиёжларини тўлиқ кафолатлашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган «ўт ўриш учун ҳам рухсатнома шарт» қабилидаги хавотирлар ҳеч қандай асосга эга эмас. «Яйлов чиптаси» механизми табиий яйловларни асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган бўлиб, қишлоқ аҳолисининг ўз чорвасини бемалол боқиши учун қонун доирасида махсус «жамоат яйловлари» ажратилиши таъминланади.
Гулноза Бобоева ёзиб олди.
ЎзА