Суперлигада “Пахтакор” иккинчи ўринга кўтарилиб олди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз якунига етди.
Жумладан, мазкур турнинг сўнгги кун беллашувларида "Пахтакор" 3:1 ҳисобида ОКМК жамоасини таслим этган бўлса, "Нефтчи" 4:0 ҳисобида "Қизилқум" клубини мағлубиятга учратди. Шунингдек, "Сурхон" – "Бухоро" тўқнашуви 3:1 ҳисобида якунланди.

Шу тариқа, Суперлигада 5-тур якунларига кўра, “Нефтчи” жамоаси 15 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланиб олди. Жамоа ўтган ўйинларнинг барчасида зафар қучиб, рақиб дарвозасини 16 бора ишғол этган бўлса, атиги 1 та тўп ўтказиб юборди. “Пахтакор” эса ушбу турдаги ғалабадан сўнг 12 очко жамғарди ва иккинчи поғонага кўтарилиб олди.
Чемпионатнинг учинчи поғонаси учун кураш “Насаф”, “Бухоро” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари ўртасида кечмоқда. Айни дамда бу жамоалар ҳисобида 10 очко бор ва улар голлар нисбатига кўра, 3-5-поғоналардан жой олган. Жадвалнинг ўрта қисмида “Навбаҳор” 9, “Локомотив”, “Сурхон” ва “Хоразм” каби жамоалар 7 очко билан жой олган.

Жадвалнинг 10-11-ўринларида бораётган “Қизилқум” ва “Андижон” жамоалари 6 очкодан жамғарган. Кейинги поғоналарда “Қўқон-1912” 5 очко билан 12-ўринда бормоқда. Шунингдек, ОКМК ва “Динамо” жамоалари 4 очкодан тўплаб, 13-14 ўринларни банд этмоқда. Жадвалнинг энг қуйи қисмида эса “Сўғдиёна” ва “Машъал” жамоалари қолмоқда. Хусусан, “Сўғдиёна” 2 очко билан, “Машъал” эса очкосиз қолмоқда.
Ўзбекистон Суперлигасида 5-турдан сўнг тўпурарлар ўртасидаги рақобат ҳам тобора қизғин тус олмоқда. Айни “Нефтчи” жамоаси ҳужумчиси Перица Стипе 4 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Уни “Пахтакор” аъзоси Достонбек Ҳамдамов, “Сурхон” жамоаси ҳужумчиси Стефан Чинеду, “Нефтчи” футболчилари Зоран Марушич ва Алишер Одилов 3 тадан гол билан таъқиб этаётир.

Энди Суперлиганинг навбатдаги тур учрашувлари 7-9 апрель кунлари бўлиб ўтади. Уч кун давом этадиган тур доирасида жами саккизта беллашув ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумладан, 7 апрель куни “Локомотив” ўз майдонида “Хоразм”ни қабул қилади. Шунингдек, “Машъал” — “Бунёдкор” ҳамда “Андижон” — “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувлар ўтказилади.
8 апрель куни “Қўқон-1912” ўз майдонида “Насаф”ни синовдан ўтказса, ОКМК — “Сурхон” ҳамда “Динамо” — “Сўғдиёна” жамоалари ўзаро куч синашади.

Турнинг сўнгги учрашувлари 9 апрель кунига белгиланган. Жумладан, марказий беллашувлардан бири сифатида “Нефтчи” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги баҳс эътироф этилмоқда. Шунингдек, “Бухоро” — “Қизилқум” учрашуви ҳам бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА