Суперлигада бугун икки азалий рақиб тўқнаш келади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 27-тур баҳслари давом этади. Унда «Сўғдиёна» ва «Динамо» жамоалари ўзаро куч синашади. Учрашув соат 18:30 да бошланади.
Бугун бўлиб ўтадиган «Сўғдиёна» ва «Динамо» жамоалари ўртасидаги баҳс олдидан клубларнинг миллий чемпионат доирасидаги ўзаро ўйинлари статистикаси билан таништирамиз.
Ушбу икки жамоа миллий чемпионатимиз тарихида шу кунга қадар 47 марта тўқнаш келган. Учрашувларнинг 20 тасида «Динамо» ғалаба қозонган бўлса, 17 баҳсда «Сўғдиёна» зафар қучган. Қолган 10 та ўйин дуранг билан якунланган. Киритилган голлар нисбати — 67:53, «Динамо» фойдасига.
Жорий мавсум Суперлиганинг биринчи даврасидаги баҳсда «Динамо» ўз майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Айни пайтда Самарқанднинг бош жамоаси 34 очко билан турнир жадвалининг 9-ўрнида бораётган бўлса, «Сўғдиёна» 30 очко билан 11-поғонани эгаллаб турибди.
Куни кеча Суперлиганинг ушбу тури доирасида «Хоразм» Тошкентда «Бунёдкор» устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Локомотив» стадионида кечган баҳсда барча голлар биринчи бўлимда киритилди.
Жумладан, учрашувнинг 5-дақиқасида Сухроб Иззатов ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди. 33-дақиқада «Бунёдкор» футболчиси Матия Кривокапич мувозанатни тиклади. Бироқ, орадан тўрт дақиқа ўтиб, Азизбек Пирмуҳаммадов бош билан киритган гол «Хоразм»га ғалаба келтирди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, «Хоразм» ўз тарихида илк бор «Бунёдкор» устидан ғалаба қозонди. 2009 йилдан буён ўтказилган 7 та ўйинда пойтахт клуби 6 бора ғалаба қозониб, бир марта дуранг ўйнаган. Мазкур ғалабадан сўнг «Хоразм» очколарини 26 тага етказди, ҳисобида шунча очко бўлган «Бунёдкор» клубига етиб олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА