Суперлига: 25-тур учрашувлари якунланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тури доирасида саккизта учрашув ўтказилди. Тур якунларига кўра, «Нефтчи» чемпионлик учун курашда муҳим қадам ташлади.
Турнинг илк учрашувида «Бунёдкор» Муборакнинг «Машъал» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Меҳмонлар сафида Зиёдбек Акромов 11-дақиқада ҳисобни очди. Бироқ, 17-дақиқада Илҳомжон Анваров мувозанатни тиклади. 33-дақиқада Сардор Турсунмаҳмадов ғалаба голини киритди. Иккинчи бўлимда ҳисоб ўзгармади. Ушбу ғалабадан сўнг пойтахт жамоасининг очколари 26 тага етди ва турнир жадвалида 13-ўринни эгаллади. «Машъал» эса 4 очко билан охирги ўринда қолмоқда.
Чемпионлик учун курашаётган «Нефтчи» ва «Пахтакор» ўртасидаги учрашув Тошкентда ўтказилди. Достонбек Ҳамдамов 23-дақиқада пенальтидан ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда Стипе Перица 55-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. Кофи Куао 66-дақиқада «Нефтчи»ни яна олдинга олиб чиқди. 89-дақиқада Жамшид Искандеров пенальтидан меҳмонларнинг ғалабасини мустаҳкамлади — 1:3.

Шу тариқа, «Нефтчи» чемпионлик пойгасида муҳим уч очкони қўлга киритди. Фарғоналиклар 58 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» эса 53 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.
Бухорода ўтган «Бухоро» — «Сурхон» баҳсида ҳисоб очилмади ва жамоалар бир очкодан жамғарди. Айни пайтда «Бухоро» 41 очко билан олтинчи, «Сурхон» эса 29 очко билан 12-ўринда бормоқда.
Қаршидаги «Марказий» стадионда кечган учрашувда «Насаф» «Сўғдиёна»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Бобир Абдихолиқов 6-дақиқада пенальтидан ҳисобни очди. Паата Гудушаури 36-дақиқада мувозанатни тиклаган бўлса, Сардор Жамолов 85-дақиқада ғалаба голини киритди. Ушбу натижадан сўнг «Насаф» 41 очко билан бешинчи ўринга кўтарилди. «Сўғдиёна» эса 29 очко билан 11-поғонада қолди.
Олмалиқдаги учрашувда ОКМК «Қўқон-1912»ни 2:1 ҳисобида енгди. Бу ғалаба олмалиқликларга 42 очко билан тўртинчи ўринни сақлаб қолиш имконини берди. «Қўқон-1912» эса 23 очко билан 14-ўринни эгаллаб турибди.
Навоийда «Қизилқум» ва «Локомотив» ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Айни пайтда «Локомотив» 40 очко билан еттинчи, «Қизилқум» эса 34 очко билан саккизинчи ўринда бормоқда. Самарқанддаги «Динамо» — «Андижон» учрашувида ҳам дуранг қайд этилди — 1:1. Натижада ҳар икки жамоанинг очколари 31 тага етди. Тўплар нисбатига кўра, «Андижон» тўққизинчи, «Динамо» эса ўнинчи ўринни эгаллаб турибди.

Турнинг сўнгги учрашувида «Навбаҳор» Урганчда «Хоразм»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба орқали наманганликлар очколарини 49 тага етказди ва жамоа учинчи ўринни мустаҳкамлади. «Хоразм» эса 23 очко билан 15-ўринда қолди.
Ўзбекистон Суперлигасида «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев 15 та гол билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмоқда. «Нефтчи» аъзоси Стипе Перица 14 та гол билан иккинчи, «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов эса 12 та гол билан учинчи ўринда бормоқда.
Тўпурарлар рўйхатининг кейинги поғоналаридан «Динамо» вакили Анваржон Ҳожимирзаев, «Пахтакор» аъзоси Достонбек Ҳамдамов, «Бухоро» ҳужумчиси Шерзод Эсанов ва «Насаф» футболчиси Бобур Абдихолиқов жой олган. Уларнинг ҳар бири ҳисобида 10 тадан гол мавжуд.
Мавсум давомида «Сурхон» ва «Пахтакор» сафида тўп сурган Стефен Чинеду 9 та гол билан кейинги ўринда бормоқда. «Навбаҳор» ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев эса 8 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилган.

Ўзбекистон Суперлигасида 26-тур учрашувлари 30 октябрь — 1 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Фақатгина «Нефтчи» — «Бунёдкор» тўқнашуви 14 ноябрь кунига қолдирилди. Қуйида қолган учрашувлар билан танишасиз:
30 октябрь, жума: 18:30. «Қўқон-1912» — «Қизилқум», «Сўғдиёна» — «Бухоро», «Хоразм» — «Пахтакор»;
31 октябрь, шанба: 17:00. «Сурхон» — «Насаф» ва «Машъал» — «Динамо», 19:00. «Навбаҳор» — «Андижон»;
1 ноябрь, якшанба: 16:00. «Локомотив» — ОКМК.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА