Суперлига: 25-тур баҳслари кескин курашлар остида ўтмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тур учрашувлари давом этмоқда. Тур доирасидаги якунланган баҳсларда «ОКМК» ғалаба қозонган бўлса, «Динамо» — «Андижон» ҳамда «Қизилқум» — «Локомотив» учрашувларида ғолиб аниқланмади.
Олмалиқда кечган «ОКМК» — «Қўқон-1912» баҳси мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувда ҳисоб 22-дақиқада очилди: Миржамол Қосимов Абубакр Ризо Турдиалиев узатмасидан кейин тўпни рақиб дарвозасига йўллади. Иккинчи бўлимда ҳам муросасиз кураш давом этди. Шоҳрух Ғадоев 86-дақиқада ҳисобни тенглаштириб, меҳмонларга умид бағишлади. Бироқ, учрашувга қўшиб берилган вақтда Сияваш Ҳақназарий Авазбек Ўлмасалиев узатмасидан кейин ғалаба голини киритиб, ОКМКга муҳим уч очкони тақдим этди.
«Динамо» ва «Андижон» ўртасидаги баҳсда эса жамоалар бир очкодан бўлишди. Учрашувнинг асосий вақти якунига яқин Улуғбек Абдуллаев 85-дақиқада самарқандликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо «Андижон» футболчилари сўнгги дақиқаларга қадар курашни давом эттириб, 90+2-дақиқада Одил Абдумажидовнинг голи эвазига мувозанатни тиклади — 1:1.

«Қизилқум» — «Локомотив» учрашувида ҳам томонлар ғалабани илиб кета олмади. Шаҳзодбек Раҳматуллаев 3-дақиқада Жамбули Жигаури узатмасидан кейин ҳисобни очиб, навоийликларни олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлимнинг 40-дақиқасида эса Билол Туплиев Сардор Мирзаев узатмасини голга айлантириб, «Локомотив»га тенгликни қайтарди. Қолган вақтда ҳисоб ўзгармади — 1:1.

25-тур учрашувлари бугун ҳам давом этади. «Хоразм» ўз майдонида «Навбаҳор»ни қабул қилади. Учрашув соат 18:30 да бошланади.
Мазкур баҳсни Равшан Абдувоҳидов бошқариб боради. Унга қанотларда Аваз Абдуллаев ва Абдурашид Эркинов ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам — Дилшод Аҳмедов. VAR ҳаками Акобирхўжа Шукруллаев, АVAR ҳаками Ҳусан Худойбердиев этиб белгиланган. Баҳс назоратчиси Бахтиёр Намозов, учрашув комиссари эса Ойбек Давлетмуратов бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА