Суперлига: 20-турнинг асосий учрашувлари бугун ўтказилади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-тури доирасидаги дастлабки учрашувда ОКМК «Хоразм»ни мағлуб этди. Бугун тур доирасида яна тўртта баҳс ўтказилади.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-туридан ўрин олган ОКМК ва «Хоразм» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида ўтказилган баҳсда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голни Сияваш Ҳақназарий 15-дақиқада киритди.
Бугун, 4 сентябрь куни миллий чемпионатимизнинг 20-тури доирасида тўртта учрашув бўлиб ўтади. Унда «Бунёдкор» — «Сурхон», «Навбаҳор» — «Локомотив», «Насаф» — «Нефтчи» ҳамда «Пахтакор» — «Андижон» жамоалари майдонга тушади.
Ушбу баҳслар орасида марказий учрашув сифатида эътироф этилаётган «Насаф» — «Нефтчи» тўқнашуви олдидан жамоаларнинг миллий чемпионат доирасидаги ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташлаймиз.
Бугунга қадар мазкур жамоалар Суперлига (Олий лига) баҳсларида 55 марта ўзаро майдонга тушган. Уларнинг 22 тасида «Насаф» ғалаба қозонган бўлса, 21 учрашувда «Нефтчи» устун келган. Қолган 12 баҳс дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати эса «Насаф» фойдасига — 69:61.
Шунингдек, «Пахтакор» — «Андижон» учрашувига ҳам қизиқиш катта. Жамоалар шу кунга қадар чемпионатда 59 марта тўқнаш келган. Уларнинг 42 тасида «Пахтакор» ғалаба қозонган, 10 учрашув дуранг билан якунланган. «Андижон» эса 7 марта зафар қучган.
Бу баҳсларда «Пахтакор» рақиб дарвозасига 140 та гол урган ва ўз дарвозасидан 43 та тўп ўтказиб юборган.

Тошкентдаги учрашувларда эса устунлик «Пахтакор» томонида. Пойтахтда ўтказилган 29 баҳснинг 24 тасида мезбонлар ғалаба қозонган, 4 учрашув дуранг билан якунланган. Бир марта «Андижон» футболчилари сафарда зафар қучган.
Жамоалар ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 2015 йил Тошкентда қайд этилган бўлиб, ўшанда «Пахтакор» 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА