Суперлига: 26-тур учрашувлари бугун старт олади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 26-тур баҳслари бугун бошланади. Мазкур турнинг илк кунида учта ўйин бўлиб ўтади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, бугун, 30 октябрь куни «Қўқон-1912» ўз майдонида «Қизилқум»ни қабул қилса, «Сўғдиёна» — «Бухоро» ҳамда «Хоразм» — «Пахтакор» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Барча учрашувлар Тошкент вақти билан соат 18:30 да бошланади.
Мазкур тўқнашувлар орасида «Хоразм» — «Пахтакор» учрашуви кўпроқ мухислар эътиборини тортади. Сабаби, «Пахтакор» айни дамда бу йилги мавсумда чемпион бўлиш учун энг кўп имкониятга эга бўлгани боис, ҳар бир учрашувни ҳужумкор ўтказиши шубҳасиз.
Шу ўринда, «Хоразм» — «Пахтакор» жамоаларининг миллий чемпионатларимиз доирасида ўтказган ўзаро ўйинлари ҳақда тўхталиб ўтишни лозим топдик. Суперлига (олий лига) баҳсларида жамоалар бугунга қадар 19 бор тўқнаш келиб, уларнинг 14 тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган. 3 ўйинда дуранг, 2 баҳсда хоразимликлар ютуғи қайд этилган. Пойтахт клуби ўйинларда 39 тўп киритиб, 12 гол ўтказиб юборган. Хоразмдаги беллашувларда 6 ғалаба, 2 дуранг ҳамда 1 мағлубият кузатилган. Ўзаро ўйинлардаги энг йирик натижа 2006 йил қайд этилиб, унда "Пахтакор" 9:1 ҳисобида муваффақиятга эришган.

Ушбу турда эртага, 31 октябрь куни яна учта беллашув режалаштирилган. «Сурхон» — «Насаф» ва «Машъал» — «Динамо» учрашувлари соат 17:00 да, «Навбаҳор» — «Андижон» баҳси эса соат 19:00 да старт олади. 1 ноябрь куни «Локомотив» ОКМК билан куч синашади. Учрашув соат 16:00 га белгиланган.
Турнинг «Нефтчи» — «Бунёдкор» учрашуви эса 14 ноябрь куни ўтказилади. Бунга сабаб, Фарғона жамоаси 2 ноябрь куни Элит Осиё чемпионлар лигаси доирасида ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА