Сунъий интеллект харид жараёнларини қанчалик самарали бошқара олади?
Бугун давлат харидлари тизимида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш очиқлик ҳамда самарадорликни таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда.
Хўш, давлат харидларида сунъий интеллектнинг ўрни қандай? Мазкур саволга “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамияти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нигора Абдуллаева қуйидагича жавоб берди:
– Ёдингизда бўлса, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва коррупциянинг олдини олиш масалалари Президент раислигида ўтган йиғилишлар кун тартибида атрофлича муҳокама қилинганида ҳали юртимиз иқтисодиёти пандемия шароитида эди.
Мана, орадан олти йил ўтди. Бу орада иқтисодиётнинг барча соҳа ва йўналишларга кириб келганидек, давлат харидларига ҳам янги дастурлар, инновацион ишланмалар кириб келишга улгурди. Маълум маънода инсон омили камайтирилиб, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Бугун эса дунё иқтисодиётида давлат харидлари нафақат товар ва хизмат сотиб олиш механизми, балки иқтисодий хавфсизлик, рақобат муҳити ва давлат бошқаруви самарадорлигини белгилайдиган стратегик тизим сифатида қаралмоқда. Айниқса, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги даврда давлат харидларини сунъий интеллект, катта ҳажмли маълумотларнинг тезкор таҳлили (Big Data) ва автоматлаштирилган мониторинг механизмларисиз тасаввур қилиш тобора қийинлашмоқда.
Янги Ўзбекистонда ҳам давлат харидлари тизимини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Электрон тендер, онлайн аукцион ва электрон дўкон платформалари орқали бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, инсон омилини камайтириш ва коррупция хавфини чеклаш борасида муҳим натижалар кузатиляпти. Бироқ бугунги кунда энг долзарб масала давлат харидларини оддий электрон тизимдан интеллектуал бошқарув тизимига айлантириш бўлиб қолаётир.
Мутахассисларнинг фикрича, давлат харидларидаги асосий муаммо кўп ҳолларда қарор қабул қилиш жараёнида эмас, балки маълумотларни таҳлил қилиш ва хавфни олдиндан прогноз қилиш механизми етарли эмаслигида намоён бўлади. Хўш, аслида ҳам шундайми? Келинг, буни таҳлил қилиб кўрамиз.
Масалан, айрим ҳолатларда бозор нархи сунъий равишда оширилиши, техник талабларни муайян иштирокчи манфаатига мослаштириш ёки тендер иштирокчилари ўртасида яширин келишувлар кузатилиш мумкин. Оддий электрон платформа бу ҳолатларни қайд этиши мумкин, аммо уларни таҳлил қилиб, хавф даражасини олдиндан аниқлаш учун интеллектуал ёндашув талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан, давлат харидларига “Рақамли риск-индекс” тизимини жорий этиш муҳим илмий ва амалий янгилик бўлиши мумкин. Ушбу моделга кўра, ҳар бир тендер ёки харид жараёни автоматик равишда таклиф этилган нархнинг бозор қийматига нисбати, иштирокчилар сони, ғолиб ташкилотнинг аввалги шартномалари тарихи каби бир нечта мезонлар асосида баҳоланади.
Сунъий интеллект ушбу маълумотларни таҳлил қилиб, ҳар бир харид учун “ишонч индекси”ни шакллантириши мумкин. Агар тизим юқори хавфни аниқласа, тендер автоматик равишда қўшимча мониторинг ёки аудитга йўналтирилади. Бу эса коррупциявий омилларнинг олдини олишда мутлақо янги босқични бошлаб беради. Айниқса, электр энергетика тармоғида бундай интеллектуал таҳлил механизмларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Чунки, мазкур соҳада трансформаторлар, юқори кучланишли электр ускуналари, кабель маҳсулотлари ва йирик инфратузилма объектлари бўйича амалга ошириладиган харидлар катта молиявий ресурсларни талаб қилади. Бундай жараёнларда ҳатто кичик иқтисодий хатолик ҳам миллиардлаб маблағ йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу сабабли, соҳада “ақлли харидлар экотизими”ни шакллантириш вақти келди. Энг муҳими, бундай ёндашув давлат харидларини фақат назорат қилиш воситаси эмас, балки стратегик бошқарув механизмига айлантиради. Натижада бюджет маблағларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, инвестиция самарадорлигини ошириш ва тадбиркорлар учун ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантириш имкони кенгаяди.
Иқтисодчилар таъкидлаганидек, келажакда давлат харидларида ғолибни фақат энг арзон таклиф эмас, балки “энг самарали рақамли рейтинг” белгилаши мумкин. Яъни, тизим маҳсулот сифати, энергия самарадорлиги, хизмат муддати ва компаниянинг ишонч даражасини ҳам автоматик ҳисоблайди. Бу эса давлат маблағларининг қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли иқтисодий самарасини таъминлайди.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистонда давлат харидлари тизими янги технологик босқичга кирмоқда. Энди асосий вазифа эса электрон шаклга ўтиш эмас, балки интеллектуал ва прогнозлаштирувчи рақамли тизимни шакллантиришдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.