Газ баллонидан хавфсиз фойдаланиш –ҳар бир хонадон масъулияти
Ёз фаслида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши нафақат инсон саломатлигига, балки турли техник воситалардан хавфсиз фойдаланиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратишни талаб этади. Айниқса, суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланувчи хонадонларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш эҳтимолий бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Бухоро вилоятида 167 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, улар газ таъминоти корхоналари томонидан тасдиқланган режа-график асосида мунтазам равишда газ баллонлари билан таъминланмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида газдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг огоҳлигини ошириш мақсадида кенг қамровли тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёз ойларида ҳаво ҳарорати юқори бўлиши сабабли газ баллонларини сақлаш ва улардан фойдаланишда янада эҳтиёткорлик талаб этилади. Хусусан, бўшатилган ёки тўлдирилган маиший газ баллонлари қуёш нурлари тўғридан-тўғри тушмайдиган, соя ва салқин жойларда сақланиши шарт.
“Ғиждувонтумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Комил Остоновнинг таъкидлашича, газ баллонли мосламалардан фойдаланишда ёш болаларга, шунингдек, хавфсизлик қоидаларини яхши билмайдиган ёки ўз ҳаракатларини тўлиқ бошқара олмайдиган шахсларга рухсат берилмаслиги лозим. Бу эса эҳтимолий нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Мутахассислар томонидан ўрнатилган газ баллонларини ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш ҳам жиддий хавф туғдиради. Бундай ҳаракатлар газ чиқиши, ёнғин ёки бошқа бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳар қандай кўчириш ёки техник ишлар фақат соҳа мутахассислари иштирокида амалга оширилиши керак.
Газ баллонларини қуёш нурлари таъсирида қолдирмаслик, уларни иссиқлик манбалари яқинига жойлаштирмаслик ҳам муҳим талаблардан бири ҳисобланади. Шунингдек, аҳоли техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислар томонидан ўтказиладиган йўриқномаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Газ жиҳозларининг доимий равишда соз ҳолатда сақланиши ҳам хавфсизликнинг муҳим шартидир. Суюлтирилган газдан фойдаланиб бўлгач, газ плитасидаги жўмраклар ҳамда газ баллонидаги ёпиш ускунаси маҳкам беркитилиши шарт. Бу энг оддий, аммо энг самарали хавфсизлик чораларидан бири саналади.
Агар хонада газ ҳиди сезилса, зудлик билан газ жиҳозларидан фойдаланиш тўхтатилиши, очиқ олов ёқилмаслиги ва электр ускуналарини ишга туширмаслик керак. Бундай ҳолатда хона дарҳол шамоллатилиши ва тегишли газ хизматига мурожаат қилиниши зарур.
Шунингдек, суюлтирилган газда ишлайдиган плиталарни назоратсиз қолдириш мумкин эмас. Ҳаво алмашинуви таъминланмаган ёпиқ хоналарда газ баллонларидан фойдаланиш ҳам қатъиян тавсия этилмайди. Газ баллонини алмаштириш жараёнида электр чироқларини ёқиш ёки ўчириш, очиқ оловдан, электр иситкичлари ва иситиш печларидан фойдаланиш тақиқланади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, газ хўжалигидаги хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг ўз ҳаёти, яқинлари ва мол-мулки хавфсизлиги учун масъул эканини англатади. Чунки эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган биргина хатолик оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Газ баллонидан хавфсиз фойдаланиш фақатгина техник талаб эмас, балки ҳар бир хонадоннинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши лозим бўлган муҳим қоидадир. Оддий хавфсизлик талабларига амал қилиш орқали ёнғинлар, портлашлар ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири