Ёшларимиз ахборот технологиялари бўйича халқаро танловда шоҳсупага кўтарилди
Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Huawei ICT Competition 2025–2026” халқаро танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов АКТ соҳасидаги энг йирик халқаро таълим лойиҳаларидан бири бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидан талаба ва ўқитувчиларни бир майдонга жамлайди. Лойиҳа иштирокчиларга касбий билим ва амалий кўникмани ошириш, инновацион ғоялар ва технологик ечимларни намойиш этиш имкониятини яратади.
Танлов миллий, минтақавий ва халқаро босқичларда ташкил этилди. Жорий мавсумда дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидаги 2 мингдан зиёд олий таълим муассасасидан 210 мингдан ортиқ талаба қатнашди.
Қайд этиш керак, лойиҳа Хитойнинг миллий талабалар мусобақалари рўйхатига киритилган бўлиб, ЮНЕСКО Глобал малакалар академиясининг флагман дастури сифатида ҳам эътироф этилган.
Мусобақада Ўзбекистон номидан Тошкент ахборот технологиялари университети, Инҳа университети ҳамда Турин политехника университети жамоалари иштирок этди.

Иштирокчилар сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш ва бошқа замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ижтимоий ҳамда тижорий аҳамиятга эга масалаларнинг инновацион ечимларини тақдим этди.
Финал босқичи якунига кўра, Ўзбекистон вакиллари муносиб натижаларни қайд этди. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети жамоаси “Practice Competition – Network Track” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети, Инҳа университети ва Турин политехника университетининг бирлашган жамоаси “Practice Competition – Cloud Track” йўналишида учинчи ўрин соҳиби бўлди.
Мазкур ютуқ ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг ахборот технологиялари соҳасида юқори салоҳиятга эга эканини яна бир бор намоён қилди. Уларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ва касбий тайёргарлиги юқори даражада экани ушбу натижалар орқали ўз тасдиғини топди.
ЎзА мухбири
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.