Сунъий интеллект ва замонавий педагогика: Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги янги босқичда
Тошкентда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим келишув имзоланди. 11 июнь куни Кореянинг педагоглар малакасини ошириш тизими раҳбарларидан иборат 23 кишилик делегация А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтига ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилди.
Кореянинг тегишли марказий ва ҳудудий ёндош муассасалари масъуллари билан мулоқот давомида замонавий таълим, рақамли технология ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари диққат марказига чиқди.
Меҳмонлар ушбу таълим даргоҳида йўлга қўйилган узлуксиз касбий ривожланиш тизими, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш механизми ҳамда таълимни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, институт музейи, Ахборот-ресурс маркази, STEAM лабораториялари ва рақамли контент ишлаб чиқишга ихтисослашган “Jalinga Studio” фаолиятини кўздан кечирди.
Айниқса, робототехника, виртуал лаборатория, интер фаол таълим платформалари ва СИ асосидаги таълим воситалари кореяликларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Музокара давомида рақамли педагогика, XXI аср кўникмасини шакллантириш, таълим сифати мониторинги ва ўқитувчиларнинг халқаро компетенциясини ривожлантириш масалалари бўйича тажриба алмашилди.
Ташрифнинг асосий натижаси сифатида А.Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ҳамда Корея Республикасининг педагоглар малакасини ошириш муассасалари ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжат доирасида қўшма таълим дастурлари, ўқитувчилар стажировкаси, академик алмашинув, СИ ва рақамли педагогика йўналишларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш, таълим сифатини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда биргаликда илмий тадқиқот олиб бориш режалаштирилган.
[gallery-29906]
Мутахассислар фикрича, мазкур келишув нафақат икки давлат таълим муассасалари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, замонавий педагоглар тайёрлаш ва халқаро таълим стандартини жорий этиш жараёнига ҳам янги суръат бағишлайди.
Корея билан йўлга қўйилаётган шериклик мамлакатимиз таълим тизимининг глобал маконга интеграциялашуви, рақамли трансформация жараёнидаги фаол иштирокини таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадамдир.
Мусулмон Зиё,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзA