Сунъий интеллект таълими бўйича халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон таълим тизимида янги давр бошланди. Таълим ва илм-фан вазирлиги Кореянинг Чежу Ҳалла университети билан рақамлаштириш ва сунъий интеллект таълимини ривожлантириш бўйича муҳим ҳамкорликка эришди. Бу келишувлар қандай натижа беради?
Мамлакатимиз таълим тизими янги стратегиялар ва шаффофлик асосида такомиллашиб бормоқда. Бунда халқаро ҳамкорликлар ва ўзаро тажрибалар муҳим юксалиш кўприги вазифасини ўтамоқда.
Ана шундай алоқаларнинг амалий ифодаси ўлароқ, Таълим ва илм-фан вазирлигида Кореянинг Чежу Ҳалла университети вице-президенти, профессор Ёнг Жун Ли билан учрашув ўтказилди. Унда рақамлаштириш ва сунъий интеллект таълими бўйича ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Учрашувда вазирлик қошидаги Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази билан доимий алоқалар ўрнатиш, таълим муассасаларида сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш ҳамда бу мақсадда грантлар жалб қилиш бўйича ҳамкорликка келишиб олинди.
Дастлаб битта техникум ва битта мактабда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш курслари, амалиёт ва хакатонлар ўтказиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жорий йил ноябрь ойи охирида Кореяда ўтказилиши режалаштирилган учрашувда тегишли меморандумларни имзолаш кўзда тутилмоқда.
Қайд этиш керакки, бундай муҳим ҳамкорликлар ортида мамлакат сиёсатига бўлган ҳурмат ва ишонч мужассам.
Шербек Исломов,
ЎзА