Сунъий интеллект шиддати: Япония биржасида тарихий рекорд янгиланди
Глобал бозорда сунъий интеллект (AI) технологияларига бўлган талабнинг кескин ортиши фонида Япония фонд бозорида тарихий кўрсаткич қайд этилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар бермоқда.
Мамлакатнинг асосий биржа индекси — “Nikkei 225” чоршанба куни қарийб 3 фоизга ўсиб, илк бор 68 000 пунктлик довондан ошиб ўтди. Шу тариқа, 2026 йил бошидан буён Япония акциялар бозори умумий ҳисобда 33 фоизга қимматлашди.
Мутахассисларнинг фикрича, юқори технологияли чипларга бўлган катта эҳтиёж Осиё қимматли қоғозлар бозорининг ўсишига туртки бермоқда. Айниқса, яримўтказгичлар саноатига дахлдор бўлган япон компаниялари энг катта ўсишни намойиш этди. Масалан, “Tokyo Electron” акциялари 14 фоизга, “Advantest” акциялари 5,5 фоизга, “Shin-Etsu Chemical” акциялари эса 4 фоизга қимматлашди. Сунъий интеллект соҳасига йирик сармоя киритган “SoftBank” холдинг эса автомобилсозлик гиганти “Toyota”ни ортда қолдириб, Япониянинг энг қиммат компаниясига айланди.
Бутун дунё бўйлаб микросхемаларга бўлган кучли талаб АҚШ ва Жанубий Корея фонд бозорларида ҳам рекорд кўрсаткичларга сабаб бўлди. Ўтган ойнинг ўзида “SK Hynix”, “Samsung Electronics” ва “Micron” компанияларининг умумий бозор қиймати 1 триллион доллардан ошди. Айни пайтда технология гигантлари сунъий интеллект инфратузилмасига улкан маблағ йўналтиришда давом этмоқда.
Хусусан, АҚШ компанияларининг бу соҳадаги харажатлари 2026 йилда 800 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Жумладан, “Google” компаниясига эгалик қилувчи “Alphabet” холдинги ҳам жорий йилдаги 180–190 миллиард долларлик йирик лойиҳаларини молиялаштириш учун 80 миллиард долларлик акцияларини сотувга чиқаришини эълон қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА