Ўзбекистон ва Корея сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Бугун пойтахтимиздаги “IT Park Uzbekistan”да “Таълим, энергетика ва инклюзив ҳудудларни ривожлантиришда сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг стратегик аҳамияти” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Форумнинг очилиш қисмида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Нозимжон Ортиқов, Сеул миллий университети вице-президенти, доктор Килкон Ко ҳамда бошқа иштирокчилар сўзга чиқиб, томонлар ўртасидаги изчил ҳамкорлик сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳаларида нафақат назарий, балки амалий натижаларга эришиш учун мустаҳкам асос яратаётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилишича, ушбу форум Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази делегациясининг Корея Республикаси ва Японияга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувлар натижаси ҳисобланади. Унда икки мамлакатнинг таҳлилий марказлари томонидан сунъий интеллект, рақамли трансформация ва барқарор ривожланиш соҳаларида амалий ечимлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг ташқи таъсирларга нисбатан барқарорлиги алоҳида қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, иқтисодий ўсиш 8,7 фоизни ташкил этди. Бу эса ижобий динамиканинг сақланаётгани ҳамда ички иқтисодий фаолликнинг янада кенгаяётганини кўрсатади.
Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Бахтиёр Маҳкамовнинг сўзларига кўра, мамлакат иқтисодиётида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Унинг таъкидлашича, бу борада халқаро ҳамкорликларнинг мустаҳкамланиши амалда сезиларли натижалар бермоқда.
[gallery-29124]
– Бугунги рақамли даврда илғор технологиялар энг муҳим вазифаларни ҳал этишда асосий воситалардан бирига айланмоқда. Улар бизга ўзаро боғланиш, ҳамкорлик қилиш ва инновацияларни ҳудудларимизга тезроқ жорий этиш имконини беради. Сунъий интеллект соҳасидаги ишларимиз барқарор асос яратишга қаратилган бўлиб, инновацион экотизимга интеграция қилиниши мумкин бўлган асосий салоҳиятларни ривожлантиришни кўзда тутади. Мақсадимиз ҳудудимизни сунъий интеллект бўйича етакчи платформага айлантириш. Бунда фанлараро тадқиқотлар, ҳамкорлик ва амалий натижалар устувор аҳамият касб этади. Бу мақсадга эришиш учун бир қатор устувор йўналишларни белгилаб олганмиз. Биринчидан, халқаро илғор дастурлар асносида сунъий интеллект соҳасида янги авлод мутахассисларини тайёрлашни мақсад қилганмиз. Иккинчидан, сунъий интеллект орқали таълим тизимини ривожлантиришни кўзлаяпмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар туфайли биз барқарор, инклюзив ва келажакка йўналтирилган рақамли муҳитни шакллантиришга ишонамиз, – деди Бахтиёр Маҳкамов.
Осиё тараққиёт банки институти бош директори Бамбанг Броджонегоро инсон капиталига инвестиция киритиш, юқори технологияли тармоқларни ривожлантириш ва глобал ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялаш барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омиллари эканини айтиб ўтди.
– Ўзбекистон ва Корея Республикасидаги таҳлилий марказлар ҳамда университетлар ўртасидаги ҳамкорлик амалиётга йўналтирилган ечимларни ишлаб чиқиш ва иқтисодий ривожланишни тезлаштиришга хизмат қилади. Бу жараёнда таълим, инвестициялар ва тегишли ташкилотлар муҳим ўрин тутса-да, айнан тадқиқотчилар ва жамоалар амалий ечимлар ва инновацияларни илгари суради. Киберхавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз таълим сифатини ҳимоя қилиш билан чекланиб қолмайди. Бу ҳукумат, маданият ва энергетика соҳаларида сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда янада фаровон, инклюзив ва барқарор келажакка бўлган умумий интилишимизни акс эттиради. Ушбу ёндашув натижасида биз ривожланиш йўлимизни ишонч билан давом эттириш ва глобал иқтисодиётда муҳим ҳудуд сифатида ўз ўрнимизни мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз, – деди у.
Форум доирасида сунъий интеллектни таълим соҳасига жорий этиш, камбағалликни қисқартиришда рақамли ечимлардан фойдаланиш, ҳудудларни ривожлантириш ва энергетика соҳасини модернизация қилиш бўйича тадқиқот натижалари тақдим этилди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА