Сумо спорт тури Ўзбекистонда оммалашмоқда
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуасида Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва мамлакатимиз вакиллари ўртасида ўтказилган халқаро сумо турнирида бу ўз аксини топди.
Японларнинг миллий якка кураш спорти сифатида халқаро майдонда кенг ривожланаётган сумо спорт тури юртимиз ёшлари ўртасида ҳам тобора оммалашиб бораётганлиги, ҳар бир мусобақа чинакам спорт байрами кўринишини олаётганлиги шиддатли курашларда яққол намоён бўлмоқда.

Юртимизда учинчи маротаба ташкил этилган бу галги халқаро сумо турнирида эркаклар 85, 115 кг ва ундан юқори вазнда, хотин-қиз спортчилар эса 65, 80 кг ва ундан юқори оғирликда ўзаро беллашишди.

Халқаро турнирнинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон сумо федерацияси раиси Комол Усмонов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор Рашид Маткаримов, Россия сумо федерацияси вакили Юрий Голубовский мазкур халқаро мусобақа жорий йил Озарбайжонда ташкил этиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг муҳим босқичи эканлигини таъкидлашди.

Кўтаринки кайфиятда ва муросасиз баҳсларга бой тарзда кечган беллашувларда ўзбекистонлик Хусниддин Ҳусанов, Тимур Кенжаев, Ойбек Туримов, россиялик Захар Майшев, Тимур Салахов, Наталья Есменеева, Екатерина Булатова, қирғизистонлик Артиж Оржак каби спортчилар совринли ўринларни эгаллади.

Халқаро турнир низомига мувофиқ, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган сумо усталари бир миллион, 2-ўрин соҳиблари 750 минг ва 3-ўриндан жой олганлар 500 минг сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА