Андижонда суғурта бозорини ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, аҳолининг суғурта, суғурта бозори ҳақидаги билим ва тушунчаларини юксалтиришга бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Андижон машинасозлик институтида ташкил этилган тадбирда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори Камолиддин Толипов, суғурта компаниялари раҳбарлари, тадбиркорлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мутахассислар томонидан суғуртанинг жамият ривожи, инсон ҳаёти, иқтисодиётдаги аҳамияти, суғурта тизимининг афзалликлари, суғурта бозоридаги жараёнлар, умуман, суғурта бозорининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида маълумотлар берилди.
Ўзбекистон суғурта бозорида жорий йилнинг биринчи ярмида 3,4 миллиондан ортиқ суғурта шартномалари тузилди, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори Камолиддин Толипов. – Шундан 57 фоизи транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича расмийлаштирилган суғурта шартномалари ташкил этди. Мазкур мажбурий суғурта тури бошқа давлатлар суғурта бозорларида бўлганидек, юртимизда ҳам энг оммавий ва ҳар бир оилага кириб борган суғурта тури ҳисобланади.
[gallery-9324]
Шунингдек, тадбирда замонавий суғурта бозори ривожланишининг муҳим омили соҳани рақамлаштириш эканлиги, у суғурта компаниясининг бизнеси, фаолияти тавсифини ҳамда суғурта хизматларини тақдим этиш, тақсимлаш ва фойдаланиш кўрсаткичларини юқори босқичга олиб чиқиш имкониятларини оширишлиги алоҳида қайд этилди.
Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини жадал ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитасига асосан, суғурта хизматларининг электрон турларини тақдим этиш тартиби, шу жумладан, электрон полисларни амалга ошириш қоидалари, шунингдек, уларнинг ҳақиқийлигини текшириш механизмлари, электрон полисларни амалга оширувчи суғурталовчилар билан тегишли ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, масофавий технологиялардан фойдаланган ҳолда полис эгалари томонидан электрон полисларни аутентификатция қилиш, тегишли маълумотлар базалари ўртасида шартномалар тўғрисидаги маълумотларни автоматик равишда алмашинуви (Э-полислар) тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Тадбирда суғурта бозорини ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш борасидаги ишларни янада юқори даражага кўтариш юзасидан тадбиркорлар, аҳоли вакилларининг таклиф, фикр ва мулоҳазалари эшитилди.
Бу каби тарғибот тадбирлари фуқароларнинг суғурта, суғурта бозори ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди. Мутасадди ва мутахассислар мавзу доирасида иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА