Ўзбекистон ва Буюк Британия: STEMда аёллар учун янги имкониятлар
“Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ва "British Council" бош ижрочи директори Скотт Макдональд ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида бир неча муҳим масала кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатида таълим соҳасидаги ҳамкорлик узоқ истиқболга мўлжалланган. Айни жараёнда мамлакатимиз хотин-қизлари учун яна бир хайрли ташаббус йўлга қўйилмоқда.
Аввалроқ Самарқанддаги “Global Talent” форумида имзоланган битим шунга замин яратган. Эндиликда “Going Global Partnerships – Scholarships for Women in STEM” дастури доирасида беш нафар ҳамюртимиз 2027-2028 ўқув йилида Британияда таълим олиш имконига эга бўлади. Молиялаштириш 40 фоиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси, 60 фоиз “British Council” томонидан амалга оширилади.

Мазкур ташаббуснинг узоқ муддатли натижаси иштирокчилар олиб борадиган изланиш, ўз ташкилотига таклиф қиладиган ечимлар ва бошқалар учун яратиладиган имкониятда намоён бўлади. Беш стипендия, агар таълимга киритилган сармоя профессионал муҳитда изчил давом эттирилса, шу жараённинг бошланғич нуқтасига айланиши мумкин.
Биргаликда молиялаштириш амалиётини узоқ муддатли ҳамкорлик асоси, деб ҳисоблаш ўринли. Ўзбекистон ўз тараққиёти учун зарур мутахассис тайёрлашга сармоя киритмоқда, халқаро ҳамкор эса мазкур инвестицияда иштирок этмоқда. Бундай услубнинг барқарорлиги саралаб олиш сифати, таълим мазмуни ҳамда битирувчи қизлар олган билимини амалда қўллай олиш имкониятига боғлиқ бўлади.
Республикамиз учун ушбу кун тартиби таълим имкониятини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш, янги технология жорий этиш ва бошқарув сифатини оширишга қодир кадрлар тайёрлашга замин яратади.
Қизларимиз учун беш стипендия миллий таълим тизими миқёсида унчалик юқори кўрсаткич бўлмаслиги мумкин. Бинобарин, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва “British Council” ҳамкорлигидаги мазкур қўшма ташаббус модели диққатга сазовор. Мутахассис тайёрлаш ҳар икки томонлама молиялаштирилиб, халқаро таълим имконияти мамлакатнинг кадрлар борасидаги устувор вазифаси билан уйғунлашади.
Мазкур учрашувда ҳам ушбу шериклик истиқболи муҳокама қилинди.

“British Council” бош ижрочи директори Скотт Макдональднинг юртимизга илк ташрифи ташкилотнинг республикадаги фаолияти 30 йиллигига тўғри келди.
Диёримиздаги фаолиятини 1996 йил бошлаган “British Council” инглиз тили ўқитиш ва педагог тайёрлаш орқали олий ўқув юртлари ўртасида маданий алоқани ривожлантириб келмоқда. Шу давр мобайнида илмий ва техник кадр тайёрлаш масаласини ҳам қамраб олган мустаҳкам шериклик пойдевори шаклланди.
Қайд этиш жоиз, “Эл-юрт умиди”нинг янгиланган устувор йўналишида иқтисодиёт ва жамият учун муҳим аҳамиятга эга SТЕМ, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, тиббиёт ҳамда бошқа соҳалар алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу вазифалар ўртасидаги боғлиқлик муҳим амалий аҳамиятга эга. Қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш янги қувватни энергетика тизимига уйғунлаштира оладиган муҳандислар талаб этади. Сувни тежаш агрономия, суғориш технологияси ва маълумот таҳлилини уйғунлаштира оладиган мутахассисларга эҳтиёж сезади. Рақамлаштириш учун эса ишончли тизим яратиш ва хавфсизликни таъминлашга қодир профессионаллар зарур. Халқаро таълим айнан шундай вазифаларни ҳал этишга кўмаклашади.
SТЕМ соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мазкур ислоҳотнинг кадрлар базасини кенгайтиради. ЮНЕСКО маълумотига кўра, жаҳон бўйича SТЕМ дастурлари битирувчиларининг қарийб 35 фоизини хотин-қизлар ташкил этади ва улар муҳандислик ҳамда ахборот технологиялари соҳаларида ҳали етарли вакилликка эга эмас. Шу боис қизларнинг илғор таълим олиш имконияти бир пайтнинг ўзида ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий аҳамиятга молик бўлиб, жамиятнинг илмий ва профессионал салоҳиятидан янада тўлиқроқ фойдаланиш имконини беради.
Учрашувда Портсмут университети магистратура босқичини тамомлаган, Ўзбекистондаги “Women in SТЕМ” дастури дастлабки битирувчиларидан бири Азизахон Тўрахўжаева ва Татьяна Ан ҳам иштирок этди. Уларнинг тажрибаси халқаро таълим имконияти қай тартибда тузилгани, иштирокчиларга касбий йўлнинг кейинги босқичларида қандай қўллаб-қувватлов зарурлигини тушунишга ёрдам беради.

Жамғарма учун бу ўринда хорижий таълим билан миллий тараққиётни боғловчи институт сифатидаги мавқеини кучайтириш имконияти очилади. Бундай иш стипендиатларни ўқишга юборишдан олдин тармоқларнинг асл эҳтиёжини англаш, уларнинг битиргандан кейинги касбий шаклланишини кузатиб, ҳамроҳлик қилишини назарда тутади.
Гўзал Сатторова, ЎзА